Учовлон Москвада: Путин, Алиев ва Пашинян нималарни келишиб олди?

Таҳлил 7673
image

Аввал хабар берганимиздек, Россия пойтахти Москва шаҳрида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Арманистон Республикаси Бош Вазири Никол Пашинян иштирокида Тоғли Қорабоғ масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашувнинг кулминация қисми шубҳасиз, Илҳом Алиев ва Никол Пашиняннинг ўзаро қўл бериб кўришмагани билан бошланди. Томонлар музокара столига ўтирар экан, уларда Тоғли Қорабоғ бўйича истиқболдаги масалалар, ҳал қилинмаган муаммолар ва йиғилиб қолган “бошоғриқлар”ни ҳал қилиш илинжи бор эди. Хўш учрашувда кўриб чиқилган асосий мавзулар нималардан иборат эди?

Россия Президентининг сўзларига кўра, Ереван ва Баку минтақадаги иқтисодиёт ва транспорт инфратузилмаси муаммоларини ҳал қилиш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди. Шунингдек, у яқин вақт ичида ушбу масалалар бўйича аниқ ҳаракатлар режаларини тақдим этиш учун ишлайдиган экспертлар гуруҳининг ташкил этилишини айтди.

Қабул қилинган баёнот матнига кўра, ишчи гуруҳ 2021 йил 1 мартгача Озарбайжон ва Арманистон орқали халқаро алоқа учун зарур бўлган мавжуд транспорт воситаларини қайта тиклаш ва қуриш бўйича чора-тадбирлар рўйхати ва жадвалини тасдиқлаш учун Озарбайжон томонидан тузилади.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев музокаралар натижаларини шарҳлар экан, уч давлат раҳбарлари томонидан муҳокама қилинган транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш ҳам Ереван, ҳам Боку манфаатларига хизмат қилишини айтди.

“Бу минтақа тараққиётига катта динамизм бериши билан бирга хавфсизликни мустаҳкамлаши мумкин бўлган соҳадир. Чунки транспорт коммуникациялари очилиши Озарбайжон, Арманистон, Россия халқлари ва қўшниларимиз манфаатларига хизмат қилади. Ишончим комилки, қўшни давлатлар ҳам транспорт коридорлари ва минтақамизда транспорт артерияларининг кенг тармоғини яратишда фаол иштирок этади”, дейди Озарбайжон Президенти.

Алиевнинг фикрича, янги уч томонлама баёнот аслида ўтган йили содир бўлган воқеалар чегарасини белгилайди. Транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш Озарбайжонга 30 йил ичида биринчи марта Нахичеван Автоном Республикаси билан алоқа ўрнатишга имкон беради ва Арманистон Озарбайжон ҳудуди орқали Россия ва Эронга темир йўл алоқасини очади. Бундан ташқари, Туркия бозори ва Туркия-Россия темир йўл артерияларига кириш имконияти яратилади. 

“Яъни, бу баёнот катта истиқболларни очиб беради. Ишончим комилки, биз бугун тузган ишчи гуруҳ самарали ишлайди, вақти-вақти билан лойиҳалар амалга оширилгани тўғрисида бизга ҳисобот беради”, дейди Алиев.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Москвада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши минтақанинг иқтисодий қиёфаси ва кўринишини ўзгартириши мумкинлиги, иқтисодий янгиликлар эса, хавфсизликнинг янада ишончли кафолатларига олиб келишини таъкидлаган.

“Биз, албатта, бу йўналишда конструктив ишлашга тайёрмиз”, деб ваъда қилди Арманистон Бош вазири. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, баъзи гуманитар муаммолар ҳал этилмаган, хусусан, томонлар маҳбусларни алмаштириш борасида келишмаган. Шунингдек, Пашинян Тоғли Қорабоғнинг мақоми масаласини кўтарган ягона шахс эди ва Ереван ушбу масалани ЕХҲТ Минск гуруҳи доирасида муҳокама қилишга тайёрлигини таъкидлади. Унга кўра, Тоғли Қорабоғ можароси ҳалигача ҳал қилинмаяпти.

Бир кун олдин Кремль Россия Президентининг ташаббуси билан 11 январь куни Москвада Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтиши эълон қилиди. Учрашувда 9 ноябрь куни кўрилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, шунингдек, савдо ва транспорт воситаларини блокдан чиқариш ва жанговар ҳаракатлардан зарар кўрган аҳолига ёрдам бериш каби минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш режалаштирилган эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 231
Рейтинг: 2.9
t
×