“У ерга бутун армия йўл олган”. Трамп Эрон ва АҚШ музокаралари ҳақида гапирди
Олам
−
09:58 3032 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп агар Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ядро дастури бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Яқин Шарққа жанговар ҳаракатларга тайёр ҳарбий кемалар юборилиши мумкинлигини истисно этмади. Бу ҳақда у “Axios” нашрига берган интервьюсида сўз очди. https://www.axios.com/2026/02/10/trump-iran-talks-aircraft-carriers
“У ерга бутун бир армия йўл олмоқда ва эҳтимол яна юборилади”, деган Трамп.
У, шунингдек, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг иккинчи авиация зарба гуруҳини Эрон томонга йўналтириш масаласини кўриб чиқаётганини айтган.
“Axios” билан суҳбатда Америка Президенти Қўшма Штатлар яқин вақт ичида Эрон билан келишувга эришишга интилаётганини таъкидлаган. Акс ҳолда, Оқ уй жуда қаттиқ чоралар кўришга мажбур бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Шу билан бирга, Трампнинг сўзларига кўра, Теҳрон 2025 йил ёзида АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасида юз берган 12 кунлик ҳарбий кескинлашув арафасига қараганда анча мослашувчанлик намойиш этмоқда.
6 февраль куни Уммонда Эрон ва АҚШ ўртасида билвосита музокаралар бошланган. Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф бошчилигидаги Америка делегацияси Теҳрондан бир қатор йўналишлар бўйича, жумладан ядро дастури, ракета арсенали ва Яқин Шарқдаги прокси кучларни қўллаб-қувватлаш масаласида ён беришни талаб қилган.
Эрон эса санкциялар бекор қилиниши эвазига ядро битимини қайта муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган. Музокараларнинг биринчи босқичидан сўнг томонлар жараённи ижобий баҳолаган, бироқ келишмовчиликлар сақланиб қолаётганини қайд этган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакат тинч мақсадларда уран бойитишни давом эттиришини ва ноль даражадаги бойитиш сиёсатини қабул қилмаслигини маълум қилган.
Трамп Эрон 2015 йилги ядро келишувини (2019 йилда амалда тўхтаган) қайта тузишга рози бўлмаса, ҳарбий чоралар кўриш билан бир неча бор таҳдид қилган. 2025 йил баҳорида у Теҳронга янги битим тузиш учун икки ой муддат берган эди.
2025 йилнинг июнь ойида АҚШ Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлаб, мамлакат ядро объектларига авиазарбалар берган. Ушбу зарбаларнинг оқибатлари кўлами бўйича ишончли маълумотлар йўқ, бироқ Трамп Эроннинг ядро дастури йўқ қилинганини даъво қилган.
2026 йил бошидан буён АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини кенгайтирди. Трамп буни Эронда ҳукуматга қарши намойишларнинг қаттиқ бостирилгани билан изоҳлаган; расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеаларда қарийб уч минг киши ҳалок бўлган. Минтақага АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари дунёдаги энг йирик жанговар кема деб таърифлайдиган Abraham Lincoln авиация кемаси ҳам етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг C-17A Globemaster III ва MC-130 Super Hercules ҳарбий-транспорт самолётлари Туркманистоннинг номаълум ҳудудига қўнганди. АҚШ кучларининг қаерда жойлашгани ҳозирча номаълум, аммо кўпчилик бу кучлар Ашхобод шаҳри яқинида йиғилганини иддао қилмоқда.
Live
Барчаси