У яхши, намунали қиз — Ўқитувчилар 15 ёшида фарзанд кўрган ўқувчининг ҳомиладорлигини пайқамаган
Жамият
−
25 Ноябрь 2019
40745Аввалроқ, Жиззахда 9-синф ўқувчиси, 15 яшар қиз она бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ўқитувчиларнинг қайд этишича, қиз то фарзандини дунёга келтирмагунга қадар ўқувчилар ва ўқитувчилар унинг ҳомиладорлигини пайқагаман. Ҳатто, сентябрь ойида ўтган тиббий кўрикларда ҳам қизнинг ҳомиладорлиги ошкор бўлмаган.
“Ўқувчимиз тенгдошлари ўртасида ўз ўрнига эга бўлган ўқувчилардан бири. Сентябрь ойида тиббий кўрик бўлиб ўтган. Унда бундай аломатлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган”, дейди мактаб психологи Дилдора Нурматова.
Қайд этилишича, қиз туғруққача дарсларни қолдирмаган. Мактаб раҳбариятига кўра, у мактабнинг энг аълочи, намунали ўқувчиларидан бўлган.
“Ушбу ўқувчи доимий равишда дарс машғулотларига қатнашган. Биринчи чоракни ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ёпган. Барча ўқувчиларга намуна бўладиган даражада яхши қиз эди. Оилавий аҳволига келсак, тарбияли хонадоннинг фарзанди ҳисобланиб, отаси чет элда, онаси давлат ишида ишлайди. Ўқувчи ҳеч қачон мактабни бесабаб қолдирмаган. Мактабнинг тарбияси оғир ўқувчилар рўйхати ички назоратида турмаган. Бу ҳолат фақатгина зўравонлик натижаси деб ҳисоблайман”, дейди мактаб директори ўринбосари Нигора Норпўлатова.
Қиз жорий йилнинг 14 ноябрь куни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли онаси ҳамроҳлигида РШТЁИМнинг Жиззах филиалига мурожаат қилади.
РШТЁИМнинг Жиззах филиалида унинг хомиладор эканлиги маълум бўлади. Унга Жиззах вилояти Перинатал марказига йўлланма берилган бўлиб, у шу куни 1-туғруқ бўлимида 34 ҳафталик ўғил фарзандни дунёга келтиради.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 19 ноябрь куни Жиззах шаҳар ИИО ФМБ қошидаги Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь