У кўпчиликни уйғотганидан ҳижолат бўлди – “Босар-тусарини билмаган депутат” узр сўради (видео)

Жамият

Шу кунларда ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси жамоатчилик орасида жиддий муҳокамага сабаб бўлаётганди. Унда халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида турадиган Ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари жанжали акс этганди. Ҳолат юзасидан кутилмаганда Толиб Муҳаммадиев ўз узрини сўраб чиқди.

“Ассалому алайкум Наманган аҳли, ҳурматли Ўзбекистон фуқаролари. Мен халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев бўламан. Ўзим билан боғлиқ бўлган, бир ҳафтадан бери ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг ҳар хил фикрларига сабабчи бўлган воқеа юзасидан ўз чиқишимни қилмаётган эдим. Мана, бугун ўзимнинг чиқишимни қилишимдан мақсад, аввало, халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутатлари, мени сайлаган сайловчилар ва барча Ўзбекистондаги фуқаролар ва депутатлардан узримни сўрайман. Ушбу ҳолат мен билан боғлиқ бўлиб, кўпчиликни уйғотишга, салбий фикрларини айтиб чиқишига сабаб бўлганидан узр сўрайман”, дейди депутат.

У шунингдек, ўша куни иккала тараф ҳам қизишиб кетгани, ходимлар ўз вазифасини бажарганини айтиб, жамоатчилик фаолларини тарафларга салбий фикрлар беришдан қайтарди.

“Ўша куни мен ростан ҳам ишчи-ходимларнинг ҳолидан хабар олиб, уйига пул тарқатиш учун кўчага чиққандим. Аслида, бу менга ҳам мумкин эмаслигини билардим. Сизлардан ҳам илтимос қилиб қоламан. Уйда қолинглар, карантин вақтида қонунлар барчамизга баробар. Уйда қолиб, пандемия даврида ушбу касалликнинг кўпайишини олдини олиб, тинч, аҳил, тотув яшаб қолишингизни сўраб қоламан. Бу ҳолатлар, Худо хоҳласа, узоққа чўзилмасдан якунига етади.

Энди ички ишлар ходимларига келсак, бу ҳолат бўйича уларда ҳам, менда ҳам озгина қизишиб кетган жойларимиз бор. Лекин Ички ишлар, Миллий гвардия ходимларига ҳам осон эмас. Улар ҳам пандемия даврида суткалаб ишлаяпти. Улар билан ўртамизда бўлган ҳолат бўйича ўзимдан ҳам, фуқаролардан ҳам талаб қилиб қоламан. Улар ҳам қийинчилик ҳолатларини кўра билиб туриб, стресс ҳолатида шу воқеалар юзага келди. 

Аслида, Ички ишлар ходимлари ҳам ушбу ишларга тўлақонли сабабчи, деб баҳо бера олмайман. Улар ҳам иш жойида бизнинг, халқимизнинг тинчлигини ўйлаб,  шу касалликка чалиниб қолмаслигини истаб, жуда ҳам қаттиққўллик билан чегарада, постларда қўриқлашяпти. Фақат энди сизлардан узр сўрайман, Ички ишларга, депутатга бўлган фикрингизни ёмон, салбий бўлишидан қайтараман. Сизлардан илтимос, Худо хоҳласа, бунақа ҳолатлар қайтиб ҳеч кимда бўлмаслиги ва такрорланмаслигини сўраб қоламан. Уйда қолинглар, фарзандларингиз, оилангиз билан соғ-саломат, тинч ва бахтли ҳаёт кечиринглар”.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ таҳририяти ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси юзасидан Ахборот хизматига бир нечта саволлар йўллаганди. Ҳозирча уларга жавоб қайтарилмади. 20 апрель куни депутат Толиб Муҳаммадиев воқеа юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз важларини келтириб, ИИБ ва Миллий Гвардия ходимларини айблади. 

Кейинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 та депутати ҳолат юзасидан Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат жўнатди. Унда ЙПХ инспекторининг хизмат “боди-камера”сида тасвирга олинган видео материалларни тўлиқ шаклда (монтажсиз) жамоатчиликка ошкор қилиниши, лавҳа нохолис тайёрланган бўлса, айбдорларга интизомий жазо чораси кўрилиши, бу ҳақда жамоатчиликка хабар қилиниши ва бошқалар сўралганди. Бироқ бу талаблар ҳам ҳозирча бажарилмади.

2020 йилнинг 23 апрель куни ИИВдан садо чиқиб, ишга тааллуқли барча материаллар, шу жумладан, воқеа жойида олинган видеотасвирлар белгиланган тартибда прокуратура органларига тақдим этилгани, воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, бу ҳақда ўрнатилган тартибда жамоатчиликка хабар етказилиши маълум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миллий гвардия депутат ИИВ Ахборот хизмати Толиб Муҳаммадиев

Баҳолаганлар

479

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг