Twitter’га ўхшаш: Трамп жамоаси янги ижтимоий тармоқни ишга туширди
Олам
−
02 Июль 2021
4746АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трампнинг жамоаси кеча, 1 июль куни олдиндан ҳеч қандай эълон бермасдан Gettr номли янги ижтимоий тармоқни ишга туширди. Бу ҳақда “Politico” хабар бермоқда.
Янги интернет-платформанинг тавсифида айтилишича, унинг вазифаларига соғлом фикрни тарғиб қилиш, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги монополияларга қарши курашиш, ҳақиқий ғоялар бозори яратиш кабилар киради. Трампнинг президентлик давридаги собиқ катта маслаҳатчиси Жейсон Миллер Gettr дастурининг ривожланишига раҳбарлик қилмоқда.
Таъкидланишича, илова Twitter’га жуда ўхшаш. Трампнинг ўзи Gettr’да аккаунт очиш-очмаслиги ҳозирча номаълум, аммо кутилишича, ушбу хизмат Американинг собиқ Президенти ўз тарафдорлари билан онлайн тарзда мулоқот ўтказадиган платформага айланиши керак.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 6 январь куни Трампнинг тарафдорлари Америка Конгресси биносига бостириб киргандан сўнг, бир қатор ижтимоий тармоқлар унинг аккаунтларини блоклаб қўйди. Трампнинг асосий фойдаланадиган платформаси бўлган Twitter эса унинг саҳифасини бутун умрга блоклади. Ижтимоий тармоқда ушбу қарор сиёсатчи зўравонлик тўлқинини қўзғатиши мумкинлиги билан изоҳланди. Трампнинг ўзи эса Twitter зерикарли бўлиб қолганини ва бошқа унга қайтишни истамаслигини маълум қилди.