Twitter акциядорлари Илон Маскни судга берди

Олам

image

“Tesla” ва “SpaceX” компаниялари раҳбари Илон Маск Twitter’нинг барча акцияларини сотиб олиш таклифини бергандан кейин ижтимоий тармоқ акциядорлари уни ва Twitter'ни судга берди. Бу ҳақда CNBC ахборот портали маълум қилди.

Судга киритилган жамоавий даъвода Twitter акциядорлари Маск бозорни атайлаб манипуляция қилгани ва “хаотик” битим тузгани айтилган. Даъвогарлар ижтимоий тармоқда спам-аккаунтлар сонини текшириш фақат нархни камида 11 миллиард долларга пасайтириш ёки миллиардер учун фойдасиз битимдан бутунлай воз кечиш мақсадида бошланганини иддао қилмоқда.

“Бундан ташқари, Маск компаниянинг 5 фоиз улушига эга эканлигини жуда кеч эълон қилди. Керакли маълумотни кечиктириш орқали Маск молиявий фойда кўрди”, дейилади даъвода.

Шунингдек, тадбиркор директорлар кенгаши ва топ-менежерларнинг махфий маълумотларини билиб, Twitter акцияларини сотиб олгани ҳам қўшимча қилинган. Даъвогарларнинг сўзларига кўра, у буни бошқарув аъзолари ва ижтимоий тармоқ раҳбарлари билан ўтказган шахсий суҳбатларида билган.

Ҳолат юзасидан Маск изоҳ бермаган, Twitter эса жавоб беришдан бош тортган.

CNBC маълумотларига кўра, Маскнинг таклифидан кейин Twitter акциялари нархи 12 фоиздан кўпроққа, “Tesla”ники эса 28 фоизга арзонлашган. 

Бундан олдин Илон Маск Twitter ижтимоий тармоғини харид қилиш учун йиғилган маблағ 33,5 миллиард долларга етганини маълум қилганди. Тадбиркор инвесторларга ҳам мурожаат қилиб, келишувни якунлашига ишонтирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 апрель куни Twitter раҳбарлари Илон Маскнинг ижтимоий тармоқни сотиб олиш бўйича 44 миллиард долларлик таклифини қабул қилганини эълон қилди. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига кўра, миллиардер келишувни бекор қилса, у Twitter’га 1 миллиард доллар жарима тўлаши керак. Битимнинг якуний санаси 2022 йил 24 октябрга белгиланган.

Илон Маск ўзини “эркин сўз абсолютисти” дея таърифлайди. У бир неча бор Twitter’нинг модерация сиёсатини танқид қилган ва бу платформа ҳақиқий сўз эркинлигига хизмат қилиши кераклигини айтган. Twitter билан эришган келишуви ортидан чиқарган баёнотида у сўз эркинлигини “фаол демократиянинг асоси” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Twitter Илон Маск “Tesla” ва “SpaceX”

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг