Тузимизнинг ҳам “тузи” йўқ. Ўзбекистонда 22 турдаги ош тузи талабга жавоб бермаслиги айтилди

Жамият

image

Ўзбекистонда 22 номдаги ош тузи талабга жавоб бермайди, деб топилди. Мазкур рўйхат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан эълон қилинди.

Унга кўра, қўмита Ўзбекистонда 29 номдаги туз маҳсулотлари намуналарини синовдан ўтказган ва синов натижаларига кўра, 22 турдаги ош тузи таркибидаги йод миқдори етарли эмаслиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда ҳудудий органлари томонидан Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда жами 441 номдаги маҳсулот устидан назорат харидлари ўтказилган бўлиб, шундан 103 номдаги маҳсулот техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланган.

Жумладан, қўмита ош тузлари бўйича ана шундай назорат харидини амалга оширган. Унда 29 номдаги туз маҳсулоти намуналари синовдан ўтказилган. Ачинарлиси, 22 номдаги ош тузининг яъни, уларнинг 76 фоизи лаборатория натижаларига кўра амалдаги талабларга номувофиқ деб топилган.

Таркибида йод миқдори кам бўлган ош тузларининг рўйхати қуйидагича:

“Идеал” ош тузи;
“Дунё” ош тузи; 
“Саховат” ош тузи;
“Кафолат”ош тузи; 
 “Сафо” ош тузи; 
 “Озода-уз” ош тузи; 
“Барака” ош тузи; 
“Ошпаз” ош тузи; 
“Орол” ош тузи; 
“Ягона ишонч” ош тузи; 
“Сафир” ош тузи; 
“Зарафшон кумуш тузи”;
“Салина” ош тузи; 
“Азия” ош тузи;
“Мелкая” ош тузи;
“Ош тузи”;
“Файзли” ош тузи.

Маълумот учун, Ўзбекистонда амал қилувчи меъёрий ҳужжат – 2017 йилда қабул қилинган 1091-сонли давлат стандарти талабларига мувофиқ туз маҳсулотлари қадоғида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

-маҳсулот номи, сорти ва ҳажми;
-йодланган қўшимчанинг номи;
-таркибидаги йод миқдори;
-нетто оғирлиги (кг);
-ишлаб чиқариш санаси (кун, ой, йил);
-сақлаш муддати;
-сақлаш шартлари;
-мазкур стандартда кўрсатилган бошқа маълумотлар.

Бироқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ташқи кўриниши мазкур талабларга жавоб бермайдиган ош тузлари ҳам аниқланган.

Масалан, “Саодат” ош тузи ташқи кўриниши мазкур меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқлиги маълум бўлган.

Шунингдек, “Файзли” ош тузларида ҳам ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаганлиги аниқланган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича ваколатли органлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилган.

“Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан ўз навбатида, юқоридаги каби тизимли ўрганишлар давом эттирилиб, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини бузилишини олдини олиш ва етказилган зарарни қоплаш чораларини кўриш бўйича ишлар давом эттирилиши маълум қилинади”, дейилган қўмита хабарида.

Бундан ташқари, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси истеъмолчиларга мурожаат қилиб, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда эътиборли бўлишни сўраган.

“Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда қуёш тиғида сақланмаганлигига эътибор қаратиш, маҳсулотнинг сифати, ташқи қадоғидаги ахборотларнинг мавжудлиги ва мазкур маҳсулотни мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари санитария-эпидемиологик хулосаси билан танишиб чиқиб, сўнг харид қилиш, агарда сотувчи томонидан юқоридаги ахборотлар тақдим этилмаса, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 “Cалл маркази”ига ёки 24/7 режимида қабул қилиш имконияти мавжуд [email protected] электрон почтасига хабар беришингиз сўралади”, дея фуқароларни огоҳликка чақирган ташкилот.

Қолаверса, ушбу маълумотлар текширув ўтказилган кунга актуал эканлиги қўшимча қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган ош тузлари, албатта, йодланиши керак. Бу мамлакатда йод етишмаслиги касалликларини олдини олишга қаратилган тадбирлардан биридир. Сабаби инсон организмида йоднинг етишмаслиги оқибатида қалқонсимон без касалликлари юзага келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг