Тўйни тўйдек қилиб беришди – Ортиқхўжаев биринчи марта ОАВга раҳмат айтди
Жамият
−
25 Май 2021
5685Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан 21 майдан буён пойтахт марказида катта шаҳарча барпо этилиб, 5 ташаббус ҳаракати фестивали ўтказиляпти. Тадбирнинг илк кунида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар фестивалига 1 млрд сўм ажратилганини айтганди.
Бугун, 25 май куни тадбирнинг бешинчи кунида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорлик билдирди.
“Оммавий ахборот воситалари вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тўйимизни бузишмади, аксинча, тўйни тўйдек қилиб беришди. Сабрли бўлишганига раҳмат. Энди, фестивалдан кейин, қанча танқид қилишса ҳам розиман. Шахсиятга тегмаган ҳолда бемалол танқид қилаверинглар, танқидни кўтарамиз. Барчангизга қўллаб-қувватлаганингиз, фестивални ёритиб берганингиз учун минг раҳмат”, деди ҳоким Ортиқхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур фестиваль очилиши олдидан бу тадбирни ёшлар учун тўйдек қилиб ўтказиш кераклигини қайд этиб, ОАВ вакилларига мурожаат қилиб, шундай деганди:
“ОАВ вакиллари ва блогерларга илтимосим шуки, агар қаердадир камчиликларга йўл қўйилган бўлса, сайтларда айлантирмай ўзимизга айтишса, зудлик билан муаммони бартараф қиламиз. Шунча меҳнатдан кейин ҳам фақат танқидлар бўлаверса, кейинчалик ҳам мана шунақа тадбирларни ўтказишга иштиёқимиз йўқолиб қолади”, деган эди.
Маълумот учун, “Тошкент Беш ташаббус ҳаракати” фестивали 21 майдан бери давом этяпти ва бугун якунланади. Фестиваль доирасида 21 майдан 25 майга қадар маданий ва интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинглар, машҳурлар билан учрашувлар ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди.