Тўйларни Ички ишлар ходимлари назорат қиладими? Норбоева аниқлик киритди
Жамият
−
17 Сентябрь 2019
8396“Бу одамларнинг ҳаётига аралашиш эмас. Ҳозиргина ижтимоий тармоқни очиб кўрганимда, энди тўйларни ички ишлар ходимлари назорат қилар экан, деган мутлақо нотўғри тушунчаларга кўзим тушди. Сенаторимиз томонидан берилган таклифларни бошқача талқин қилиш ҳолатлари ҳам бўляпти”, дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарор муҳокама қилинди. Муҳокама давомида тўйларни ресторанларда ички ишлар ходимлари назорат қилиб бориши билан боғлиқ таклиф ўртага ташланди. Бироқ, ушбу таклиф ҳужжатга киритилгани йўқ, аксинча, Норбоева ва сенатор Фаррух Дадаходжаев томонидан рад этилди.
Танзила Норбоева ушбу масалани Сенат ялпи мажлисида ҳам ўртага ташлади.
“Ҳеч ким бировнинг ҳаётига аралашмайди. Оилавий тадбир бўладими ёки тўй-ҳашамми, бу ўша оиланинг шахсий иши. Лекин уни тартибли ўтказиш, ортиқча дабдабаларга йўл қўймаслик, одамларнинг тинчлиги, хотиржамлигига ҳалал бермаслик, ёшларимизнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслик бу, албатта, бутун жамиятнинг иши. Шунинг учун ички ишлар ходимлари тўй маросимларидани ҳеч қачон назорат қилмайди. Ёки маҳалладагилар тўйхонага кириб олиб, ундай қиласан, бундай қиласан, деб айтмайди. Қарорда ички ишлар ходимлари қандай тадбир бўлишидан қатъи назар, у тўй бўладими ё конференция бўладими, жамоат тартибини сақлаш бўйича масъулияти ҳақида сўз бормоқда. Шу нуқтайи назардан уларнинг масъулияти ошириляпти.
Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъулияти ҳам ошириляптики, аввал маҳалланинг обрў-эътибори қанчалик юқори даражада эди, албатта, мана шундай маросимларни ўтказишда бизнинг миллий урф-одатларимиз қандай бўлиши кераклиги юзасидан тавсияларини оилаларга бериб борадилар”, дейди Норбоева.
2018 йилда Сенат томонидан муҳокамага қўйилган тўйлар ҳақидаги қарор лойиҳаси кўплаб эътирозларга сабаб бўлган эди. Кейинчалик қарор қабул қилинмади. Танзила Норбоева қабул қилинган навбатдаги қарор ҳақида гапираркан, у фақат ва фақат оиалалар иқтисодий барқарор бўлишига қаратилганини исботлашга уринади:
“Мен аниқлик киритмоқчи эдим. Чунки ҳар хил талқин бошланиб кетиши мумкин. Бизнинг бу қароримизга одамларимизнинг, оилаларимизнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қиладиган нормалар киритиляпти. Бу масала ёшларимиз томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланяпти”.
Танзила Норбоеванинг Сенатнинг йигирма иккиняи ялпи мажлисидаги тўлиқ нутқи видеосини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси