“Туронбанк” бошқарув раиси қўлга олингани айтилмоқда
3-саҳифа
−
6094 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида “Туронбанк” АЖ бошқаруви раиси Чори Садибақосович Мирзаевга нисбатан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тергов олиб борилаётгани ва қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура бу ҳақда ҳали расмий маълумот эълон қилмади, бироқ ушбу хабарлар фонида “Туронбанк” матбуот хизмати баёнот билан чиқди.
Баёнотда Чори Мирзаевнинг қўлга олингани тасдиқланмаган, бироқ рад ҳам этилмаган.
“Сўнгги кунларда банк бошқаруви раиси билан боғлиқ тарқалаётган хабарлар жамоатчиликда муайян саволлар туғдиришини мумкинлигини тушунамиз. Шу муносабат билан маълум қиламизки, банк ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттирмоқда. Банк хизматлари марказлари, офислар ва рақамли платформалар орқали мижозларга хизмат кўрсатиш давом этмоқда. Банкнинг омонатчилар, мижозлар, инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари ўз кучида қолади”, дейилади банк эълон қилган баёнотда.
Шунингдек, қайд этилишича, “Туронбанк” фаолияти корпоратив бошқарув, ички назорат ва амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкил этилган. Банк жамоаси ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажариш, хизматлар сифатини янада ошириш ва мижозлар манфаатларини таъминлаш йўлидаги фаолиятини давом эттиради.
“Биз учун мижозларимиз ишончи катта масъулиятдир. Сизларнинг фикр-мулоҳазаларингиз, савол ва таклифларингиз биз учун муҳим. Шу боис, сизлар билан очиқ мулоқотни давом эттирамиз ва келиб тушаётган мурожаатларни эътибор билан кўриб борамиз”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Чори Мирзаев 1971 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. 1995 йилдан буён банк тизимида фаолият юритади. 2021 йилда “Содиқ хизматлари учун” медалини олган. У 2016 йилнинг сентябрь ойидан буён “Туронбанк” бошқарув раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Чори Мирзаев ҳозирда Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими лавозимида ишлаётган, собиқ Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг яқин қариндоши ҳисобланади.
Live
Барчаси