Туркманистон Европага газ етказиб бермоқчи
Олам
−
13 Август 2023
10024Туркманистон Европа Иттифоқига туркман газини етказиб бериш режалаштирилган Транскаспий газ қувури лойиҳаси бўйича европалик шериклар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов “Каспий денгизи – тинчлик ва дўстлик денгизи” мавзусидаги илмий-амалий конференцияда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
"Туркманистон энергия оқимларини диверсификация қилиш стратегиясига содиқ бўлиб, Транскаспий газ қувури лойиҳасини амалга ошириш бўйича европалик шериклар билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдиради. Туркманистон ташаббуси билан бошланган мазкур ғоя дастлаб мамлакатимиз томонидан нафақат иқтисодий ва тижорий жиҳатдан фойдали лойиҳа, балки энергия ишлаб чиқарувчилар, транзит мамлакатлар ва истеъмолчилар манфаатларини тенг ҳисобга олиш асосида глобал энергия хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг асосий шарти сифатида кўриб чиқилди”, деган ТИВ раҳбари.
Айтилишича, Ашхобод ва Баку узоқ вақтдан бери Каспий денгизи туби бўйлаб Туркманистон қирғоқларидан Озарбайжонга газ қувурини ётқизиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияда бундай лойиҳалар фақат қувур ҳудудий сувлари орқали ўтадиган давлатлар ўртасида келишилиши кераклиги кўрсатилган. Конвенция имзолангандан сўнг баъзи оммавий ахборот воситалари келишув Туркманистон газини Европа бозорига камида 30 йил давомида ҳар йили 30 миллиард куб метр ҳажмда етказиб беришни назарда тутувчи лойиҳани амалга оширишга яшил чироқ ёқилганини хабар қилган.
Ҳозирча Қозоғистон ва Россия ҳудудидан ўтувчи транзит қувурлари туркман газини Ғарбга етказиб беришнинг ягона йўли бўлиб қолмоқда.
Маълумот учун, кеча, 12 август куни Туркманбоши шаҳрида “Каспий денгизи – тинчлик ва дўстлик денгизи” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. У 12 августда нишонланадиган Халқаро Каспий денгизи кунига тўғри келди. Форум иштирокчилари, жумладан, Каспий бешлиги давлатларининг элчихоналари, халқаро ташкилотлар (БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ) вакиллари, шунингдек, Туркманистоннинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари ва мутахассислари Каспий муаммосининг долзарб масалалари, жумладан, қирғоқбўйи давлатларининг сиёсий, иқтисодий, илмий, экологик ва бошқа соҳалардаги ўзаро таъсири муҳокама қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь