Туркманистон дунё бўйлаб ўлим жазосини бекор қилишга чақирди
Олам
−
08 Август 2023
3264Жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Туркманистон “Марказий Осиё ва Мўғулистонда ўлим жазосидан холи ҳудуд тўғрисидаги битим”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги сайтида келтирилган ҳужжатда айтилади.
“Туркманистон Марказий Осиё минтақаси ва Мўғулистон учун “Марказий Осиё ва Мўғулистонда ўлим жазосидан холи зона тўғрисидаги битим” халқаро ҳуқуқий ҳужжатини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Келажакда бундай ҳужжат бутун дунё бўйлаб ўлим жазосини бекор қилишга кўмаклашиш мақсадида ушбу минтақа ташаббуси билан Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун асос яратиши мумкин”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Туркманистон Марказий Осиёда ўлим жазосини бекор қилган биринчи давлат бўлганини эслатган.
“Ҳозирда Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон ўлим жазосидан озод бўлган биринчи минтақа бўлиш салоҳиятига эга”, дейилади сайтда келтирилган ҳужжатда.
Маълумот учун, 2022 йилда 20 мамлакатда жами 883 кишига нисбатан ўлим жазоси қўлланилган бўлиб, бу 2021 йилдан бери 53 фоизга ўсган. Ўлим жазоси ҳали бекор қилинмаган давлатлар рўйхатини қуйидаги ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.
LiveБарчаси