Туркманистон ҳам Исроилнинг Қатардаги ҳужумини қоралади

Олам

image

Туркманистон Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги тураржой ҳудудига берган зарбаларини қоралаб, бундай ҳаракатларни Қатар суверенитетига тажовуз ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши сифатида баҳолади. Бу ҳақда 11 сентябрь куни Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатди.

“Ҳар қандай халқаро масалаларни ҳал қилишда куч ишлатиш ёки таҳдид қилиш мутлақо номақбул ҳисобланади ва БМТ Низомининг нормалари ҳамда тамойилларига зид келади”, дейилади вазирлик баёнотида. 

Исроилнинг Қатарга ҳужуми

9 сентябрь куни Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) қирувчи самолётлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган турар-жой уйини нишонга олди. У ерда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати мансуб аъзолар бўлган. 

Исроил ҳукумати зарбалар учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиб, операцияни “Оловли чўққи” деб атади. Араб ОАВ хабарига кўра, зарба оқибатида ҲАМАСнинг тўрт нафар юқори мартабали раҳбари ҳалок бўлган. Қатарда эса Исроилнинг бу ҳаракатлари номақбул ва жиноят сифатида баҳоланди.

Канада, Франция ва Буюк Британия каби бир қатор давлатлар Исроилнинг бу ҳаракатларини қоралади. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Қатар ҳудудида бундай ҳодиса юз берганидан афсус билдирган. ҲАМАС эса АҚШни ҳам бу ҳужум учун масъул деб билишини айтган.

Қатар воқеадан сўнг ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачилик фаолиятини вақтинча тўхтатди.

Кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳам Қатарга ҳужумни қоралади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 12 сентябрь куни Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали мулоқот қилиб, Исроил томонидан Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига уюштирилган ракета зарбаларини кескин қоралаганди. Суҳбатда Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай шаклига ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашишига олиб келадиган қадамларга қарши экани таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон Қатар Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг