Туркийларнинг ҳамжиҳатлиги стратегик заруратга айланди – Эрдўған
Олам
−
17:15 644 6 дақиқа
Жаҳон сиёсати туб ўзгаришларни бошидан кечираётган бир даврда туркий давлатларнинг ҳамжиҳатлиги стратегик заруратга айланди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркий давлатлар ташкилотининг жорий йил 30-31 октябрь куни Анқарада бўлиб ўтадиган саммити олдидан қилган нутқида гапирди.
“Туркий дунёнинг бирлиги – умумий тарихимиз орқали бизгача етиб келган теран илдизли мерос ҳамда муштарак келажагимизни биргаликда бунёд этишга бўлган қатъий иродамизнинг энг ёрқин ифодасидир. Асрлар давомида турли минтақаларда не-не синовларни бошидан кечирган қардош халқларимизни бир-бирига боғлаб келган кўнгил кўприклари бугун Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги сиёсий, инсоний, иқтисодий ва маданий ҳамжиҳатлигимизнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этмоқда. Туркий дунёнинг улкан салоҳиятини умумий мақсадлар йўлида сафарбар этиш, бирлигимизни аниқ ютуқлар билан мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга янада қудратли туркий дунёни мерос қолдириш – барчамизнинг тарихий масъулиятимиздир”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўған Анқарада “Туркий дунё асри: тилда, фикрда, ишда бирлик” мавзусида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитини ана шу муштарак ирода янада мустаҳкамланадиган муҳим учрашув деб билишини қайд этган. Эрдўғаннинг айтишича, у саммитда “Жон Озарбайжон”дан қабул қилиб оладиган даврий раисликни туркий дунёнинг умумий мақсадларига эришиши ва ташкилотнинг тузилмавий салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан тарихий масъулият деб билади.
“Исмоил Ғаспирали бизга мерос қолдирган бирлик ғояси бугун Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига йўналиш бериб келаётган илҳом манбаидир. Нахчивонда қўйилган пойдевор устида юксалаётган Ташкилотимиз умумий тарих ва маданиятимиздан олган куч билан кундан кунга янада самарали тузилмага айланмоқда. Эндиликда қардошлигимизни келгуси авлодларга етказадиган кучли муассасалар билан мустаҳкамлаш, муштарак иродамизни лойиҳалар орқали барқарор ютуқларга айлантириш вақти келди”, дейди Туркия етакчиси.
Унинг билдиришича, жаҳон сиёсати туб ўзгаришларни бошидан кечираётган бир даврда туркий давлатларнинг ҳамжиҳатлиги стратегик заруратга айланган. Халқаро тизим адолат ва ишончни қарор топтиришда қийналаётган, урушлар ва инқирозлар кенг ҳудудларга таъсир кўрсатаётган бир пайтда бу ҳамжиҳатлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Муштарак ирода атрофида жипслашган туркий давлатлар энг оғир синовларни енгиб ўтиш ва ўз келажагини белгилаш қудратига эга. Туркий дунё бирлигининг асоси – ҳар бир қардош мамлакатнинг суверенитети, мустақиллиги ва миллий иродасига бўлган ҳурматдир. Бу бирлик умумий қадриятлар билан бир қаторда ўзаро ишонч ва манфаатларга таяниб юксалади.
“Туркий дунёнинг иқтисодий бирлашуви Ташкилотимиз келгуси даврда алоҳида эътибор қаратишı лозим бўлган устувор йўналишларнинг энг муҳимларидан биридир. Бу жиҳатдан Каспий денгизи орқали ўтувчи Шарқ–Ғарб Ўрта коридори тарихий имконият яратмоқда. Осиё ва Европа ўртасидаги савдо алоқалари қайта шаклланаётган бугунги кунда туркий дунё ҳудуди глобал транспорт ва логистика тармоқларининг муҳим марказларидан бирига айланиш имкониятига эга. Биз темир йўлларимизни, портларимизни, автомобиль йўллари алоқаларини ва божхона тизимларимизни бир-бирини тўлдирувчи яхлит бир тизим сифатида ривожлантирмоқдамиз. Каспий денгизининг икки соҳилини бир-бирига боғлайдиган ҳар бир сармоя, қардош мамлакатларимиз ўртасидаги савдони кенгайтиради ва умумий фаровонлигимизга ҳисса қўшади”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Туркия Президентига кўра, шу мақсадда “Туркий инвестиция жамғармаси”дан янада самарали фойдаланилади, мамлакатлар ўртасидаги савдо йўлидаги тўсиқлар биргаликда бартараф этилади, ишлаб чиқариш ва инвестиция соҳаларида мамлакатлар бир-бирининг салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.
“Энергия манбаларимиз, қайта тикланувчи энергия салоҳиятимиз ва алоқа инфратузилмамиздан муштарак мақсадлар йўлида энг самарали тарзда фойдаланамиз. Туркий дунёнинг турли ҳудудларидаги имкониятларни ягона йўналишда сафарбар этиб, ишлаб чиқариш, савдо ва технология соҳаларида қўлга киритган ютуқларимизни биргаликда янада кўпайтирамиз”, дейди Эрдўған.
Унинг қайд этишича, иқтисодий соҳада қарор топтирган бу ҳамжиҳатлик хавфсизлик соҳасида ҳам қатъият билан давом эттирилмоқда. Терроризм, чегараорти жиноятлар, кибертаҳдидлар ва табиий офатлар қаршисида имкониятларни бирлаштириб, биргаликда ҳаракат қилиш салоҳияти ривожлантирилади. Мудофаа саноатида тажрибаларни ўзаро ўртоқлашган ҳолда, маҳаллий ва миллий технологияларни ривожлантириб, муштарак ишлаб чиқариш қуввати оширилади.
“Бирлигимизнинг энг қимматли таянчи эса умумий тамаддун шууримиздир. Хожа Аҳмад Яссавий ҳикмати, Алишер Навоий каломи, Низомий Ганжавий ирфони, Махтумқули Фироғий мисралари, Юнус Эмронинг кўнгил тили ва Чингиз Айтматовнинг қалами айни бир буюк тамаддуннинг сарҳадлардан ошган бойлигини намоён этиб, унинг келажагига нур сочувчи тимсоллардир”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Туркия етакчисининг билдиришича, умумий туркий алифбо борасида билдирилган қатъий ирода маданий яқинлашув йўлидаги тарихий қадам. Бу қадамни таълим, илм-фан, нашриёт ва рақамли технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик орқали янада илгарига олиб чиқилади. Ёшларнинг қардош мамлакатларда таълим олиши рағбатлантилади, университетлар ва олимлар бир-бирига яқинлаштирилади ҳамда туркий тилларнинг сунъий интеллект даврида ўзига муносиб ўрин эгаллаши таъминландаи. Билим, тажриба ва имкониятлар бирлаштирилиб, туркий дунёнинг келажаги биргаликда шакллантирилади.
Туркия Президенти Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотдаги мақоми ҳақида ҳам сўз юритган.
“Теран илдизларга эга бу тамаддун зиммамизга юклаган масъулият – ҳар қандай шароитда ҳам қардошлигимизни асраб-авайлаш, бир-биримизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимизни ҳимоя қилишдир. Туркий дунёнинг ажралмас қисми бўлган Кипр турк халқи билан ҳамжиҳатлигимизни ҳам ана шу тушунча асосида давом эттирмоқдамиз. Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотимиздаги кузатувчи мақоми берадиган имкониятларни кенгайтиришга ва унинг қардош мамлакатлар билан алоқаларини мустаҳкамлашига катта аҳамият бермоқдамиз. Кипр турклари учраётган ноҳақ яккалашга барҳам берилиши, уларнинг суверен тенглиги ва тенг халқаро мақоми тан олиниши борасидаги қатъий позициямизни сақлаб қоламиз”, дейди Эрдўған.
Унинг айтишича, Туркий давлатлар ташкилотининг мустаҳкамланиши умумий минтақада тинчлик ва ўзаро ишончнинг янада қарор топишига ҳам хизмат қилади. Ташкилот ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка асосланган ёндашуви билан минтақавий ва глобал барқарорликка ҳисса қўшишда давом этади.
“Туркий давлатлар ташкилоти олдидаги асосий вазифа – муштарак иродамизни иқтисодий, сиёсий, маданий ва технологик соҳаларда барқарор ютуқларга айлантиришдир. Ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз қардош халқларимизнинг осойишта ҳаёти, фаровонлиги ва тараққиётида аниқ натижалар сифатида ўз ифодасини топгани сари қудратимиз янада мустаҳкамланади.
Мен, XXI аср “Туркий дунё асри” бўлишига бутун қалбим билан ишонаман. Анқара саммити шу мақсад йўлида янги уфқлар очади, ташкилотимизнинг халқаро майдондаги таъсирини кучайтиради ва қардош мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Асрлар давомида қалбимизда яшатиб келган бирлик ғоясини боқий ишларда рўёбга чиқариш ва келгуси авлодларга ҳар жиҳатдан янада қудратли туркий дунёни мерос қолдириш – бизнинг энг улкан вазифамиздир”, дейди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Live
Барчаси27 Октябрь