Туркиянинг қайғуси бизнинг ҳам ғамимиз – Жапаров
Олам
−
09 Февраль 2023
5765Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун, 9 февраль куни Туркия Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги элчихонасига ташриф буюриб, зилзилалар оқибатида кўплаб қурбонлар берилгани муносабати билан турк халқига шахсан ҳамдардлик билдирди.
Давлат раҳбари ҳамдардлик китобига ўз қайдини қолдириб, Қирғизистон халқи ва шахсан ўз номидан қардош турк халқига самимий ҳамдардлик ва таъзия изҳор этди.
У Қирғизистон Республикаси даҳшатли табиий офатдан азият чекаётган қардош Туркия халқининг қайғусига шерик эканини таъкидлади.
“Бугун зилзила кўплаб биноларни вайрон қилди, қирғиз халқининг қалби ушбу табиий офат қурбони бўлган минглаб турк биродар ва опа-сингиллар учун мотам тутмоқда. Сизнинг қайғуларингиз бизнинг ғамимиздир!
Турк халқи ва Туркия қалбларимизда катта ўрин тутади.
Биз аждодларимиз анъанасига кўра, турк халқи билан бир илдиз, ягона тарих билан боғланганимиз учун сизларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга, керакли ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз.
Қардош турк халқининг оила аъзолари ва яқинларига бутун қирғиз халқи ва шахсан ўз номимдан чуқур ҳамдардлик билдираман. Зилзила қурбонлари тезроқ соғайиб кетишини тилайман!”, деб ёзади Президент Садир Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, таъзия китобига қайд қолдирган эди.
Шунингдек, Озарбайжон ва Қозоғистон Президентлари Илҳом Алиев ва Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам ўз мамлакатларидаги Туркия элчихоналарига бориб, таъзия билдирдилар.
LiveБарчаси