Туркиялик меъмор ССВнинг лойиҳалаш компаниясига раҳбар бўлди
Жамият
−
23 Ноябрь 2021
3513Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соғлиқни сақлаш муассасаларини лойиҳалаш бўйича бош ташкилоти бўлган “Ўзтиблойиҳа” МЧЖга туркиялик тажрибали мутахассис Гурай Каймак директор этиб тайинланди.
48 ёшли тажрибали меъмор саноат архитектураси мутахассислиги бўйича Туркияда бакалавр, Македонияда магистратура даражасини олган.
Гурай Каймак 1993 йилда иш фаолиятини “MNG HOLDING” компаниясида бошлаган. Маълумот учун, мазкур нуфузли ширкат машҳур Истанбул халқаро аэропортини қуришда қатнашган.
Мутахассис кейинчалик Руминияда қатор банк бинолари, Туркияда “Bayindir tib merkezi” томонидан қуриладиган тиббиёт муассасаларини лойиҳалаштиришда иштирок этган.
Қайд этилишича, у пойтахтдаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонаси биноcини лойиҳалаштиришда ҳам фаоллик кўрсатган.
Унинг сўнгги йиллардаги лойиҳаларидан бири 2020 йилда фойдаланишга топширилган Намангандаги замонавий кутубхона биноси бўлган.
“Ўзтиблойиҳа” бошқарувига келган янги раҳбар зиммасига тиббиёт йўналишига оид қурилиш объектларини энг илғор андазалардан фойдаланиб лойиҳалаштириш юклатилган.
Шунингдек, у илмий-техник конструкторлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ҳамда бу борада техник ёрдам кўрсатиш, инновацион технологиялар, илмий-техник янгиликлар ва ноу-хауларни ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажаришга ҳам бошчилик қилади.
Бундан ташқари, эндиликда ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланаётган ҳар бир тиббиёт муассасаси лойиҳаси Гурай Каймак бошчилигидаги “Ўзтиблойиҳа” томонидан тасдиқланиши белгиланган.