Туркиядаги турнир финалида икки ўзбек таэквондочи тўқнаш келди

Спорт

image

Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган мусобақа финалида икки ўзбекистонлик таэквондочи тўқнаш келди. Бу ҳақда Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси Матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, жорий йилнинг 6-9 июль кунлари Анқара шаҳрида таэквондо WТ бўйича 10-Туркия очиқ чемпионати бўлиб ўтган. Мусобақада катта таркибда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси жами 8 та медаль билан якунлаган. Уларнинг 5 таси олтин, 1 таси кумуш ва 2 таси бронза. 

Мусобақанинг -87 килограмм вазн тоифасида биринчи рақамли спортчи сифатида кўрсатилган Никита Рафалович барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиққан бўлса, аёллар ўртасида -49 килограммли Мадинабону Маннопова олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, турнир доирасида одатда кам учрайдиган ҳолат содир бўлди, яъни Туркия очиқ чемпионати финалида икки ўзбек спортчиси тўқнаш келди. -74 килограмм вазн тоифасидаги Нажмиддин Қосимхўжаев ва Жасур Жайсунов финалга қадар етиб келиб, даянга чиқди ва якунда Жайсунов олтин, Қосимхўжаев эса кумуш медаль совриндори бўлди.

Катталар ўртасида ўтказилган баҳсларга -54 килограмм вазндаги Омонжон Отажонов бронза медали билан якун ясади. Мусобақанинг ўсмирлар ўртасида ташкил этилган баҳсларида -49 килограммли таэквондочи Лайло Ҳасанова 3-ўринни қўлга киритган бўлса, кадетлар ўртасида Ислом Акчурин ва Азизбек Сатторов олтин медални қўлга киритди.  

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси 2022 йилги Туркия очиқ чемпионатини иккита кумуш ҳамда битта бронза медали билан якунлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия олтин медаль таэквондо WТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made