Туркиядаги портлаш ортидан 5 киши ҳибсга олинди
Олам
−
16 Декабрь 2022
4854Аввалроқ, бугун, 16 декабрь куни Туркия жануби-шарқидаги Диёрбакир вилоятида автомобилга жойлаштирилган бомбанинг портлаши оқибатида камида саккиз нафар полициячи жароҳат олгани ҳақида хабар берган эдик. Йўл четида қолдирилган автомобилнинг портлаши ва полициячилар кетаётган автобусга катта зарар етиши билан боғлиқ ушбу ҳолат ортидан 5 киши гумондор сифатида қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди.
Портлаш оқибатида 1 нафар фуқаро ва 8 нафар полиция ходими тан жароҳати олганини билдирган вазир Сойлу, бомба масофадан бошқарилган бўлиши мумкинлигини урғулади.
“Диёрбакир полиция бўлимимиз бомба жойлаган ва машинани шу ерда қолдирган шахсни қўлга олди. Сўроқ қилинаётган шахс транспорт воситасини бу ерга олиб келиб, бомба ташлаганини тан олди. 2004 йилда акаси террор ташкилоти сафида бўлганида хавфсизлик кучларимиз томонидан зарарсизлантирилган эди. Ҳозирда 5 киши ҳибсда сақланмоқда, булар транспорт воситасида бирга бўлган одамлар ва бошқа ёрдам кўрсатганлар. Фаолиятимиз кенгайишда давом этади. Биз террор ташкилотининг бундай ҳаракатларига тайёрамиз ва барибир уларнинг кўпчилигининг олдини оламиз. Террор ташкилотига имконият берилмайди. Президентимизга ҳам маълумот бердик”, дейди вазир Сойлу.
Туркия Республикаси Президентининг воизи Иброҳим Калин Диёрбакирдаги ҳужумни қоралаб, жиноятчилар жазосиз қолмаслигини билдирди.
“Юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигига зиён йетказганлар ўз жазосини оладилар”, дейди у.
Маълумот учун, бугун, 16 декабрь куни соат 05:00 атрофида Диёрбакир-Мардин автойўлида ҳаракатланиб кетаётган полициячилар ўтирган автобус йўл четида турган автомобиль ёнидаан ўтганида бомба портлаган.
Бу Истанбулнинг Истиқлол кўчасида содир этилган терактдан кейинги илк йирик қўпорувчилик ҳаракати ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шу куннинг ўзида шифокорлар уйга кетишга рухсат берган. 31 киши шифохонага жойлаштирилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, 2 нафари ўтар оғир аҳволда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеада террор изи борлигини айтди.
Теракт содир этилганидан 10 соат ўтиб, терактнинг ижрочиси – араб миллатига мансуб аёл Аҳлам Албашир Истанбул полицияси томонидан қўлга олинди.
Тергов давомида у АҚШдан келган инструкторлар раҳбарлигида террорчилик машғулотларидан ўтганини тан олди.
LiveБарчаси