Туркияда зилзила қурбонлари 46 мингдан ошди
Олам
−
07 Март 2023
4222Туркия жануби-шарқидаги зилзилалар қурбонлари сони 46 104 кишига етди. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши якунлари бўйича телемурожаатида маълум қилди.
“Бугун, зилзилаларнинг тўртинчи ҳафтаси ўтган экан, биз бошдан кечирган фалокат кўламини янада аниқроқ кўрмоқдамиз ва йўқотишларимиз оғриғини янада чуқурроқ ҳис қилмоқдамиз”, дейди Туркия раҳбари.
Давлат раҳбари мамлакат ҳукумати табиий офат оқибатида вайрон бўлган ҳудудларни тезда тиклашга қатъий қарор қилганини таъкидлади.
“Мақсадимиз яқин икки ой ичида 244 мингта бино ва 75 минг қишлоқ уйи қурилишини бошлаш”, дейди Эрдўған.
Унинг қўшимча қилишича, улардан 22 мингтаси қурилиши бошланган.
Унга кўра, зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда 488 мингта янги уй қурилиши режалаштирилган.
Президент табиий офатдан жабр кўрган ҳудудда икки ой ичида 100 минг контейнер типидаги уйлар ўрнатилишини ҳам маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 6 февраль куни (7,7 ва 7,6 магнитудали) икки зилзила содир бўлди. Ер қимирлашлари ва минглаб ерости силкинишлари республиканинг 11 вилояти ва қўшни мамлакатларда ҳам сезилган бўлиб, улардан Сурия энг кўп жабр кўрган.