Туркияда яна бир карантин чеклови ўрнатилди

Олам 5460
image

Туркияда коронавирусга чалинганлар сони ортиб бораётгани сабабли баъзи карантин чекловлари қайта жорий қилиняпти. Хусусан, мамлакатда жамоат транспортларида туриб кетиш тақиқланди. 

“Биз СOVID-19 билан касалланганлар сони кўпаётганини кўрмоқдамиз. Шу муносабат билан пандемияга қарши чоралар кучайтирилмоқда. Кафе ва ресторанлар янада қаттиқ назорат остига олинади. Ҳеч қандай ҳолатда жамоат транспортида турган ҳолатда ҳаракатланишга йўл қўйилмайди”, деди Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған.

Президент ниқоб тақмаган ва ижтимоий масофа сақламаган фуқаролар, қатъий равишда жаримага тортилишини таъкидлади. 

Аввалроқ, Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа мамлакатда коронавирус пандемиясининг биринчи тўлқини иккинчи чўққисига чиққанини айтганди. Сўнгги бир неча кун ичида Туркияда май ва июнь ойларига нисбатан янги касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди.

Маълумот учун, Туркияда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилган 11 мартдан 30 августгача бўлган даврда ушбу вирусдан 6 326 киши вафот этган. Қурбонлар орасида 15-24 ёш орасида бўлган 10 нафар ўсмир ҳам бор. Ушбу даврда СOVID-19 инфекциясидан вафот этганларнинг 3 930 нафари ёки 62 фоизини эркаклар, 2 396 нафари ёки 38 фоизини аёллар ташкил этмоқда. 

Вафот этганларнинг 4 491 нафари ёки 71 фоизи 65 ёшдан катталар. Ушбу рақамларнинг 25 фоизи 80 ёш ва ундан катталарга тўғри келмоқда.

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 189
Рейтинг: 3
t
×