Туркияда сифатсиз қурилишга алоқадор шахсларни ҳибсга олиш учун 100 дан ортиқ ордер берилди

Олам

image

Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай мамлакатда зилзила туфайли қулаган қурилиш қоидаларини бузиш ҳолатлари текширилаётганини айтди. Унга кўра, бу ишда 131 киши гумон қилинмоқда. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.

Ўқтайнинг сўзларига кўра, гумонланувчилардан бири қўлга олинган. Яна 113 кишини ҳибсга олиш учун ордер берилган.

Туркиядаги зилзилалардан сўнг мухолифат мамлакатнинг амалдаги ҳукуматини бинолар қуриш қоидаларини оммавий равишда бузаётгани муносабати билан танқид қилган.

Турк мутахассислари 1999 йилдаги зилзиладан кейин жорий қилинган қурилиш протоколларига амал қилинмаганини қайд этган.

Мухолифатдаги “Gazete Duvar” газетасига кўра, нормалар давлатга қарашли қурилиш компаниялари фойда келтирган ноқонуний қурилишлар учун баҳсли амнистия билан бузилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида (маҳаллий вақт билан 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.

Шундан сўнг, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга туширилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Туркияда содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан дастлаб 100 кишилик қидирув-қутқарув гуруҳи, жорий йилнинг 9 февраль куни 71 кишилик иккинчи гуруҳ Туркияга юборилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон жорий йининг 6 февраль куни кучли зилзиладан азият чеккан Туркияга инсонпарварлик ёрдами жўнатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркиядаги зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг