Туркияда сайлов олдидан терактлар уюштиришни режалаштирган 33 киши қўлга олинди
Олам
−
11 Март
2915Туркия Хавфсизлик Бош бошқармаси ходимлари мамлакат шимоли-ғарбидаги Сакарья вилоятида 31 мартга белгиланган муниципал сайловлар олдидан терактлар тайёрлашда гумон қилинган 33 кишини қўлга олди. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоя Х’даги саҳифасида маълум қилди.
“Сакарьяда ИШИД экстремистик гуруҳига қарши ўтказилган операция доирасида 33 нафар гумонланувчи қўлга олинди. Улар муниципал сайловлар олдидан терактларга тайёргарлик кўрган ва ҳужумлар уюштириш имкониятларини ўрганган. Улар терроризмни молиялаштириш фаолияти доирасида гуруҳга молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланган. Шунингдек, ушбу шахслар ноқонуний масжид ва мадраса ниқоби остида фаолият юритгани аниқланди”, дейди вазир.
Рейдлар чоғида полиция рўйхатдан ўтмаган қуроллар, тўртта тўппонча ва иккита ов милтиғини мусодара қилган. Шунингдек, йирик миқдордаги хорижий валюта, тақиқланган террорчилик гуруҳи материаллари ва ички ҳужжатлар ҳам топилган.
Маълумот учун, 31 март куни Туркияда муниципал сайловлар доирасида мамлакатдаги муниципалитетлар раҳбарлари учун овоз бериш бўлиб ўтади. Бу сайловлар иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси учун жуда муҳим. Чунки ҳозирда мамлакатдаги энг йирик шаҳарлар – Истанбул ва Анқарада мухолифат ҳокимият тепасида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркияда Исроил разведка хизмати “Моссад”га маълумот узатганликда гумонланган 7 киши қўлга олинганди.