Туркияда президентлик ва парламент сайловларида овоз бериш бошланди

Олам

image

Бугун, 14 май куни Туркиянинг 81 вилоятида президентлик ва парламент сайловлари учун сайлов участкалари очилди. Улар маҳаллий вақт билан 17:00 (Тошкент вақти билан 19:00) гача ишлайди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.

Маълум бўлишича, республика ва хорижда жами 191 884 та сайлов қутилари ўрнатилган. Овоз бериш якунлангач, биринчи навбатда президентликка номзодлар учун берилган овозлар санаб чиқилади. 64 миллион Туркия фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга.

Айтилишича, Туркиянинг йирик шаҳарларида сайловчилар ўз сайлов ҳуқуқидан бехатар фойдалана олишлари учун хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилган.

Туркиядаги президентлик сайловларида уч номзод – амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған, мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли ва “Аждодлар” сиёсий альянси номзоди Синан Ўған иштирок этмоқда. Гарчи номзодлар 3 нафар бўлсада, олий давлат лавозими учун асосий кураш Эрдўған ва Қиличдарўғли ўртасида кечиши кутилмоқда. Ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиш керак, маҳаллий сиёсатшунослар Туркияда президентлик сайловлари икки турда ўтказилишини истисно этмайди. Бунда иккинчи тур 28 май куни бўлиб ўтади. Кўпчилик овозини тўплаган номзод эса ғолиб деб эълон қилинади.

Парламент сайлови

Туркияда президентлик сайловлари билан бир қаторда парламент сайловлари ҳам бошланди. Уларда 36 та партия иштирок этади, уларнинг баъзилари парламентда кўпроқ ўрин олиш имкониятини ошириш учун иттифоқ тузган.

Эрдўғаннинг 20 йиллик раҳбарияти ва ўз кучини ҳис қилган мухолифат ўртасида кескин кураш кечмоқда. 29 октябрь куни Туркия Республикаси 100 ёшга тўлади. Бу ўзининг кўплаб лойиҳалари ва режаларини айнан шу тадбир учун режалаштирган амалдаги ҳукумат учун жуда муҳим сана. Шунинг учун ҳам сайловолди кампанияларида кескинлик юқори бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг