Қирғизистондан қочирилган Ўрҳан Инандини 22,5 йилга қамаш сўралди

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 31 май куни Қирғизистондаги “Сапат” (2017 йилгача “Себат”) турк-қирғиз мактаблари тармоғининг собиқ раҳбари Ўрҳан Инанди йўқолиб қолганди. Орадан бир ой ўтиб, у Туркия махсус кучлари томонидан ўғирланиб, Қирғизистондан олиб чиқиб кетилгани маълум бўлганди.

Туркия Ўрҳан Инандини ФЕТО террорчилик ҳаракатининг Марказий Осиёдаги раҳбари деб билинади. Шу сабабдан у суд қилиниши кутилмоқда.

“Anadolu” агентлигининг хабар беришича, Ўрҳан Инандига нисбатан “қуролли террор ташкилотини бошқариш” айблови эълон қилинган ва жиноят иши очилган.

Анқара Бош прокуратураси маълумотига кўра, Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бюроси томонидан тайёрланган айблов хулосаси жиноий ишлар бўйича навбатчи судга юборилган.

Aйблов хулосасида, Инандига “қуролли террор ташкилотини бошқариш” айблови билан 15 йилдан 22 йил-у 6 ойгача қамоқ жазоси талаб қилинган.

Ўрҳанди Инанди қочирилиши

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 июнь куни Октябрь тумани ИИБга Ўрҳан Инандининг йўқолгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда унинг фарзанди хабар берган. У отаси билан сўнгги бор 31 май куни соат 18:00 ларда гаплашганини билдирган. Ҳолат Қирғизистон Жиноят кодексининг 170-моддаси (Одам ўғирлаш) аломатлари билан рўйхатдан ўтказилган.

Инандини топиш учун Қирғизистон ИИВ, Бишкек ИИББ ва Октябрь тумани ИИБ терговчиларидан иборат тезкор гуруҳ тузилган. 1 ой давомида бутун мамлакат бўйлаб қидирув олиб борилган.

Жорий йилнинг 5 июль куни Қирғизистонда 1 ойдан бери қидирилаётган Ўрҳан Инанди Туркияда экани маълум бўлди.

Инанди Туркияда экани маълум бўлгач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Бишкекдаги Туркия элчисига нота топширди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса Ўрҳан Инандини қайтариш талаб қилинишини маълум қилди.

Ўз навбатида Бишкекда Ўрҳан Инандини қайтаришни талаб қилиб, намойиш ўтказилган. Қирғизистон Жўқорғу Кенеши депутатлари эса Инандининг турк махсус хизматлари томонидан ўғирланиши сабабли мамлакат чегара хизмати раиси Уларбек Шаршеевнинг истеъфосини талаб қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўрҳан Инанди

Баҳолаганлар

128

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар