Турк разведкаси Ўрҳан Инандини Қирғизистондан олиб қочди. Қирғизистон муросага келадими?
Олам
−
10 Июль 2021
17605Жорий йилнинг 31 май куни Қирғизистондаги “Сапат” (2017 йилгача “Себат”) турк-қирғиз мактаблари тармоғининг собиқ раҳбари Ўрҳан Инанди йўқолиб қолганди. Орадан бир ой ўтиб, у Туркия махсус кучлари томонидан ўғирланиб, Қирғизистондан олиб чиқиб кетилгани маълум бўлди.
Ўрҳан Инанди ўзи ким?
Асли туркиялик бўлган Ўрҳан Инанди Қирғизистонда 1992 йилдан бери фаолият юритадиган “Сапат” таълим муассасалари тармоғини бошқарган. Унинг таркибига 16 та лицей, Халқаро Aла-Тоо университети, UWIS Халқаро мактаби ва бир нечта ўрта мактаблар киради. Туркия бу мактабларнинг асосчиси ФЕТО террористик гуруҳи раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулен эканини айтиб келади.
Ўрҳан Инандининг йўқолиши
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 июнь куни Октябрь тумани ИИБга Ўрҳан Инандининг йўқолгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда унинг фарзанди хабар берган. У отаси билан сўнгги бор 31 май куни соат 18:00 ларда гаплашганини билдирган. Ҳолат Қирғизистон Жиноят кодексининг 170-моддаси (Одам ўғирлаш) аломатлари билан рўйхатдан ўтказилган.
Инандини топиш учун Қирғизистон ИИВ, Бишкек ИИББ ва Октябрь тумани ИИБ терговчиларидан иборат тезкор гуруҳ тузилган. 1 ой давомида бутун мамлакат бўйлаб қидирув олиб борилган.
Инанди Туркияда
Жорий йилнинг 5 июль куни Қирғизистонда 1 ойдан бери қидирилаётган Ўрҳан Инанди Туркияда экани маълум бўлди. Бу ҳақда шахсан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.
“Разведка хизматларининг сабр билан олиб борган ҳаракати натижасида ФЕТОнинг Марказий Осиёдаги раҳбари Ўрҳан Инанди суд қаршисига чиқариш учун мамлакатимизга олиб келинди. Биз давлатга, миллатга хиёнат қиладиган ва қон тўкадиган бирон бир тузилманинг мавжуд бўлишига йўл қўймаймиз”, деган Эрдўған.
Аҳамиятли томони жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Туркияга расмий ташрифи вақтида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғандан Инанди ҳақида сўраганди. Эрдўған эса уни билмаслигини, у ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини ва ФЕТО тарафдорлари ҳақида ҳеч нимани эшитишни истамаслигини айтган.
Бунинг ўрнига Эрдўған ФЕТО террористик ташкилоти ҳам Қирғизистон, ҳам Туркиянинг миллий хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлаган ва Жапаровни огоҳлантирган.
“Террор ташкилотлари, хусусан ФЕТОга қарши курашдан тортиб, минтақавий ҳамкорликка қадар кун тартибидаги барча масалаларни муҳокама қилдик.
ФЕТО ҳар икки мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдид солаётгани борасида азиз қардошим билан ҳамфикрмиз. Сўнгги воқеалар ФЕТОнинг қонли, қоронғи ва хунук юзини яна бир бор кўз олдимизга чиқарди. Умид қиламанки, биз ушбу хавфни елкама-елка туриб, биргаликда енгамиз”, деган Эрдўған учрашувлар сўнггидаги қўшма баёнотни имзолаш вақтида.
Қирғизистоннинг реакцияси
Инанди Туркияда экани маълум бўлгач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Бишкекдаги Туркия элчисига нота топширди.
Кўп ўтмай, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳолатга муносабат билдириб, расмий нота топширишга буйруқ берганини маълум қилди. Жапаров Ўрҳан Инандини қайтариш мумкинми, деган саволга ҳам жавоб берга:
“Биз Туркия томони олдида бу масалани кўтардик ва Ўрҳан Инандининг қайтарилишини талаб қиламиз. Аммо Туркия томони бунга расмий жавоб қайтармади. Улар оғзаки тарзда Ўрҳан Инанди уларнинг фуқароси эканини ва Туркия фуқаролигидан чиқмаганини айтишди. Биз Туркиянинг расмий жавобини кутишимиз керак”, деган Қирғизистон Президенти.
Жапаровга кўра, 2016 йилдан бери Инандини ўғирлашга уч марта уриниш бўлган. Учинчи мартасида уни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари қутқариб қолган.
Ўз навбатида Бишкекда Ўрҳан Инандини қайтаришни талаб қилиб, намойиш ўтказилган. Қирғизистон Жўқорғу Кенеши депутатлари эса Инандининг турк махсус хизматлари томонидан ўғирланиши сабабли мамлакат чегара хизмати раиси Уларбек Шаршеевнинг истеъфосини талаб қилмоқда.
“Нима учун бу ерда ўтирибсиз? Нима учун истеъфога кетмаяпсиз? Хорижий махсус хизматлар қандай қилиб мамлакатга кириб, бир одамни олиб чиқиб кетди? Бу давлатга хиёнат билан баробар. Сиз бу учун жавоб беришингиз лозим!”, деб юзланган депутат Жанар Акаев Шаршеевга.
Бошқа томондан Қирғизистон ИИВ 8 июль куни Ўрҳан Инандига берилган фуқароликнинг қонунийлигини текширишни бошлаган.
“Судгача бўлган жараён давомида Туркия фуқароси Ўрҳан Инандининг 2012 йил 28 июнда Қирғизистон Республикасининг ID-картасини ва 2012 йил 25 декабрда Қирғизистон Республикасининг умумий фуқаролик паспортини олганлиги аниқланди. Ҳозирда паспортларни расмийлаштиришнинг қонунийлиги текширилмоқда”, дейилади ИИВ хабарида.
Атамбоев ва Жээнбеков давридаги вазият
2016 йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга уриниш бўлганидан кейин расмий Анқара ФЕТО томонидан Қирғизистонда очилган “Себат” таълим муассасалари тармоғини ёпишни сўрай бошлади. Ўша вақтдаги Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев эса “Себат”ни “Сапат” деб қайта номалашни таклиф қилди. 2017 йил бошида бу иш амалга ошди.
“Мен Гуленни билмайман, аммо “Себат” мактабларини Туркия ва Қирғизистонда давлат тўнтариши тайёрлаган сиёсий ташкилотлар билан чалкаштириш бемаънилик”, деганди Атамбоев.
Атамбоев мактаблар ёпилмаслигини, аммо уларда назорат кучайтирилишини айтган. У мактабларнинг янги уставини ишлаб чиқиш ва Таълим вазирлиги лицейлар тармоғининг асосий таъсисчиларидан бирига айланишига кўрсатма берган.
2017 йил ўрталарида Иссиқкўлда ўтказилган матбуот анжумани пайтида Aтамбоевдан яна қирғиз-турк алоқалари ва “Сапат” мактаблари тўғрисида сўрашган. Aтамбаев ўз нутқида Туркиянинг Бишкекдан норозилигини Қирғизистон “Сапат” таълим муассасаларини ёпишдан бош тортгани билан изоҳлаган.
“Қирғизистондаги Туркия элчиси “Сапат” ўқитувчиларини инобатга олиб, мамлакатда Гуленнинг 3500 одами ишлашини айтди, аммо бу нотўғри. Агар сиз таълим муассасасида ишлайдиган 3500 одамни террорчи деб ҳисобласангиз, унда докторга мурожаат қилишингиз керак. Хафа бўлманг, лекин мен шундай ўйлайман. Биз мактабларни ёпмаймиз, уларни очамиз”, деган Атамбоев.
Бир йил ўтиб, 2018 йилда, Сооронбай Жээнбеков президентлик лавозимини эгаллаганидан сўнг, Туркия яна Қирғизистондаги “Сапат” таълим муассасаларини ёпиш бўйича мурожаат юборган.
2018 йил 1 сентябрда Туркия ва Қирғизистон Президентларининг учрашувида турк-қирғиз мактаблари тармоғини ёпиш масаласи кўтарилганда, Жээнбеков эндиликда “Себат” йўқлигини, “Сапат” фаолият юритаётганини ҳамда Таълим ва фан вазирлиги унинг таъсисчиларидан бири эканини айтган. Шунингдек, муассасалар тўлиқ давлат назоратида экани таъкидланган.
Маълумот ўрнида, 2019 йилда Жээнбеков Президентлиги даврида Туркия Ўрҳан Инандини экстрадиция қилишни сўраган, бироқ Қирғизистон ҳукумати бу сўровга рад жавобини берган.
Қайд этиш керакки, Ўрҳан Инандини Туркияга олиб келиш операцияси бўйича мамлакатдаги ҳеч бир расмий ташкилот ахборот бермади. Инандини Анқарага олиб борган Миллий разведка ташкилоти ҳам баёнот бермаган.
Туркия ОАВ маълумотига кўра, Инанди 6 июль куни полицияга топширилган ва уни прокурор сўроқ қилган. Кейин эса Инандини ҳибсда сақлаш муддати узайтирилган.
LiveБарчаси