Туркияда инфляция 61,1 фоизга кўтарилди

Олам

image

Туркияда йиллик инфляция 61,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда бугун, 4 апрель куни Туркия Статистика институти маълум қилди. 

Март ойида ойлик инфляция 5,4 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб нархлар 22,8 фоизга ошган. Агар 2021 йил март ойидаги маълумотларни асос қилиб оладиган бўлсак, 12 ой давомида нарх ўсиши 61,1 фоизни ташкил қилган. 

Йил давомида транспорт хизматлари (99%), озиқ-овқат ва алкоголсиз ичимликлар (70,3%), мебель ва уй жиҳозлари (69%) энг кўп қимматлашгани сезилган.

Февраль ойи бошида Туркия Статистика институти 2022 йил январь ойида мамлакатдаги йиллик инфляция даражаси 48,69 фоизни ташкил қилгани ҳақида хабар берган эди. Бу кўрсаткич ўша пайтда 2002 йилдан бери рекорд кўрсаткич эди. 

Маълумот ўрнида, Туркияда инфляция ўтган йилнинг декабрь ойида 13,58 фоизга ошиб, 2021 йилда турк лираси курсидаги тебранишлар фонида 36,08 фоизга етди. 

Ўтган йил охирларида Туркия молия тизими миллий валютанинг қадрсизланиши туфайли қийин кунларни бошдан кечирди. Марказий банк ҳисоб ставкасини кетма-кет бир неча марта пасайтирганидан сўнг, у кескин тезлашди: 20 декабрда доллар курси рекорд даражадаги 18,4 лирага етди. 

Эрдўған 2019 йил июлидан буён Марказий банк раҳбарини уч марта, 2021 йил ноябридан эса Молия вазирини икки марта алмаштирган. Мухолифат етакчилари Эрдўғанни иқтисодий қобилиятсизликда айблаб, муддатидан олдин сайлов ўтказишга чақирди. Туркия раҳбари бу таклифни рад этиб, Туркияда президентлик ва парламент сайлови режалаштирилганидек 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия инфляция

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг