Туркияда банкка бостириб кирган ўзбекистонлик суд қилиняпти

Жамият 2583
image

Аввалроқ, Туркияда Ўзбекистон фуқароси хусусий банклардан бирига бостириб кириб, эркакларни гаровга олгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабарларга расмий муносабат билдирди.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги Элчихонаси берган маълумотга кўра, ўзбекистонлик Ж.О. жорий йилнинг 17 декабрь куни Анталия шаҳридаги банклардан бирининг филиалига ҳужум қилган ва икки нафар техник ходимни гаровга олган. Кейинчалик у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таслим бўлган. 

Ҳозирда Ж.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Кеча, 18 декабрь куни Анталия Жиноят ишлари бўйича судида суд жараёни бошланди. Адвокатларнинг айбланувчи билан учрашишига рухсат берилди, бироқ у консуллик ёрдами олишдан воз кечди. 

Элчихона Консуллик бўлими вазиятни назоратга олган ва Туркиянинг тегишли органлари билан доимий мулоқотда бўлиб турибди. 

Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия, Болгария, Ироқ, Руминия ва ЖАР ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига зарур вазиятларда мамлакатнинг Анқара шаҳридаги Элчихонасига (тел.:  +90 312-441-17-46,  +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.:  +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3
t
×