Туркияда 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди
3-саҳифа
−
21:24 1653 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Туркиянинг Ойдин вилоятида 30 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси банк карталари орқали амалга оширилган шубҳали пул ўтказмалари билан боғлиқ ҳолат юзасидан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли тузилмаларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат доирасида 10 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаросига нисбатан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда уларнинг айримлари суд қарорига асосан жазони ижро этиш муассасасида, айримлари депортация марказида сақланмоқда. Яна бир қисми эса мамлакат ҳудудидан чиқмаслик шарти билан озод этилиб, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Фуқароларга нисбатан кўрилаётган ҳуқуқий чоралар уларнинг мазкур ҳолатга алоқадорлик даражаси, банк ҳисобварақлари орқали ўтказилган маблағлар миқдори ҳамда тергов давомида аниқланаётган бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб белгиланмоқда.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни тегишли Туркия идоралари билан ҳамкорликда кузатиб бормоқда ҳамда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан Бош консулхона фуқароларни шахсий банк карталари, ҳисоб рақамлари ва мобил банк хизматларини бегона шахсларга бермасликка, бошқа шахсларнинг илтимосига кўра келиб чиқиши номаълум маблағларни қабул қилмаслик ва ўтказмасликка чақирмоқда.
“Банк картаси ёки ҳисоб рақамини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш, шунингдек, келиб чиқиши номаълум маблағларни ўтказишда воситачилик қилиш Туркия қонунчилигига мувофиқ жиддий ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бош консулхона Туркия Республикасида бўлиб турган барча фуқароларимизни мамлакат қонунларига қатъий риоя қилишга ва шубҳали молиявий операцияларда иштирок этмасликка чақиради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 7 ойи давомида хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган 2 888 нафар Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси