Туркияда ҳокимиятни ағдаришга уринган Гулен ўлдими?

Олам 10163
image

2016 йилда Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга уринган Фатҳуллоҳ Гулен ўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар турк ОАВ томонидан тарқатилди. Гулен томонидан АҚШнинг Пенсильвания штатида ташкил этилган “Олтин авлод” ташкилоти раҳбариятига яқин манба эса бу маълумотларни рад этди.  

“Бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди, бу ёлғон”, деган манба. 

Ташкилот турк матбуоти тарқатган маълумотларга расман жавоб бермаган. Пенсильвания полицияси ҳам бу маълумотга изоҳ бера олмаслигини айтган.

Маълумот ўрнида, кеча, 18 ноябрь куни Туркиянинг мухолифатчи “Oda TV” ахборот портали Гулен Пенсильвания штатидаги уйида заҳарлангани ҳақида иддао қилган. Сўнгги бир неча соат давомида ижтимоий тармоқларда шу мавзудаги миш-мишлар тарқалган. 

АҚШ оммавий ахборот воситаларида ҳам Гуленнинг ўлимини тасдиқловчи ёки рад этадиган маълумотлар йўқ. 

Маълумот учун, 2016 йилнинг 15 июль куни Туркияда давлатга қарши тўнтаришга уриниш амалга оширилганди. Унда мамлакат хавфсизлик кучлари, ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Куролли Кучлар, мудофаа тизимларига ўрнашиб олган кимсалар Эрдўған бошчилигидаги ҳукуматга қарши тўнтаришни амалга ошириб, Президентни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган эди. Тўнтаришга уринишлар халқнинг кўчаларга чиқиб, мамлакат демократиясини ҳимоя қилиши билан бостирилди. Оқибатда 251 нафар бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.

Ушбу давлат тўнтаришига уриниш Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди. Туркия ҳукумати тўнтаришга уринишдан сўнг Фатҳуллоҳ Гулен ва у бошчилигидаги ташкилотга қарши муросасиз курашни бошлади.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 392
Рейтинг: 3
t
×