Туркия зудлик билан Хитойдан коронавирусга қарши вакцина сотиб олади
Олам
−
15 Декабрь 2020
4168Туркия коронавирусга қарши курашиш доирасида Хитой вакциналаридан фойдаланади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу Хитой ТИВ раҳбари Ван И билан телефон мулоқоти вақтида айтиб ўтган.
Чавушўғлу Хитой вакцинаси самарали ва хавфсиз эканини айтиб, Анқара уни сотиб олишини маълум қилган.
“Чавушўғлунинг айтишича, турк томони Хитой вакцинасини хавфсиз ва самарали деб билади ва аллақачон зудлик билан препаратни сотиб олишини эълон қилди. Бу борада Хитой билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёр”, дейилади Хитой ТИВ эълон қилган хабарда.
Шунингдек, Чавушўғлу Хитойни эпидемияни муваффақиятли чеклагани билан табриклаган ва Пекиннинг вакцина ишлаб чиқаришдаги ютуқларини юқори баҳолаган.
Хитой ТИВ раҳбари расмий Пекин ва Анқара биргаликда эпидемияга қарши курашаётганини таъкидлаб, томонлар бир-бирига тиббий маҳсулотлар етказиб бераётганини қайд этган.
“Айни пайтда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бутун дунёга тарқалмоқда. Хитой томони эпидемияга қарши курашда ғалабага эришилгунча турк халқи билан бир қаторда туришга тайёр”, деган Ван И.
У шунингдек, Туркиянинг Хитойдан вакцина сотиб олиши ўзаро ишончнинг белгиси эканини қайд этган.
"Хитой томони қонунга мувофиқ зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр. Томонлар икки томонлама алоқалар ўрнатилганининг 50 йиллигини тантанали равишда нишонлашлари, сиёсий ишончни мустаҳкамлашлари ва барча соҳада ҳамкорликни ривожлантиришлари керак”, деган хитойлик вазир.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирини Фаҳриддин Кожанинг маълум қилишича, расмий Анқара апрелгача коронавирусга қарши 100 млн доза вакцина сотиб олади.
Маълумот ўрнида, Туркияда коронавирусга чалинганлар 1,8 млндан ошган. 16 минг 417 нафар бемор вирус қурбони бўлган.
LiveБарчаси