Туркия Европа Иттифоқидан аниқ қадамлар кутяпти – Эрдўған 

Олам

image

Туркия ҳамон Европа Иттифоқига қўшилишни ўз стратегик мақсади деб ҳисоблайди ва ЕИга тўлақонли аъзо бўлиши учун аниқ қадамлар кутмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарада турли мамлакатлар элчилари билан ифторлик чоғида айтиб ўтди. 

“Украина контекстида содир бўлган сўнгги воқеалар Туркиянинг НАТОдаги аҳамиятини яққол кўрсатди. Европа Иттифоқига аъзолик Туркия учун стратегик мақсад бўлиб қолмоқда. Урушнинг глобал миқёсдаги салбий оқибатлари Туркиянинг Европа Иттифоқи учун айниқса, хавфсизлик ва энергетика соҳасида стратегик аҳамиятини кўрсатди. Мен Европа Иттифоқидан бизнинг тўлиқ аъзолик истиқболимизга асосланган аниқ ва мазмунли қадамлар ташланишини кутаман”, деган у. 

Маълумот ўрнида, 1964 йилдан бери Европа Иттифоқининг ассоциатив аъзоси бўлган Туркия ЕИга аъзо бўлиш учун 1987 йилда ариза берган. Уни Европа Иттифоқига қабул қилиш бўйича музокаралар жараёни 2005 йилда бошланган. 

Туркия иттифоққа қўшилиш учун Европа Комиссияси билан 35 музокара нуқтасидан 33 таси (иккитаси келишув талаб қилмайди) бўйича музокараларни муваффақиятли якунлаши керак. Шундан сўнг Европа Иттифоқи давлатлари Туркиянинг ЕИга аъзо бўлиши учун овоз бериши керак. 

2017 йилнинг 6 июлида Европарламент Европа Иттифоқи давлатлари ва Еврокомиссияни Туркия конституциясига ўзгартириш киритилмагунига қадар унинг қўшилиши бўйича музокараларни тўхтатиб туришга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. 

2017 йилнинг апрель ойида Туркияда конституциявий ислоҳот бўйича референдум ўтказилди, натижада Президент ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Ўтган тўрт йил ичида Брюссель ва Евроиттифоққа аъзо турли даражадаги давлатлар Туркиянинг ҳаракатлари унинг Европа ҳамжамиятидан узоқлашишига хизмат қилаётганини қайта-қайта таъкидлаб, Анқарани ўз позициясини аниқлашга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ЕИ

Баҳолаганлар

216

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг