Туркия ва Суриядаги зилзиладан зарар кўрган ҳудудлар оғир аҳволда – БМТ

Олам

image

Туркия ва Суриянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларининг инсонпарварлик эҳтиёжлари жуда катта ва вайронагарчилик кўламини ортиқча баҳолаб бўлмайди. Бу ҳақда БМТнинг мазкур икки давлатдаги вакиллари маълум қилди, дея хабар берди ташкилот матбуот хизмати. 

БМТ аввалроқ ташкилот қидирув-қутқарув ишлари ва зилзила зонасида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 25 миллион доллар ажратилишини эълон қилганини, маблағ Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш марказий жамғармасидан келишини эслатди. 

БМТнинг Сурия бўйича гуманитар ёрдам координатори Ал-Мустафо Бенламлиҳ БМТ янгиликлар хизматига берган интервьюсида таъкидлаганидек, зарарнинг барча дастлабки ҳисоб-китоблари ҳали ҳам жуда шартли, чунки зилзила содир бўлган ҳудудлар Сурия ҳукумати назорати остида эмас ва кўпинча гуманитар ёрдам ходимларига этиб бориш қийин. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони ҳақидаги расмий статистик маълумотлар ҳам ҳақиқатни акс эттирмайди. 

“Бугунги кунда биз аниқ биламизки, маҳаллий аҳолининг эҳтиёжлари ва вайронагарчилик даражаси жуда катта. Туркия билан чегара яқинида жойлашган ҳудуд, Туркиянинг Ғозиантепи билан бир хил даражада зилзиладан таъсирланган. Бу аллақачон 11 йилдан бери давом этаётган инқироз ва урушлардан азият чекаётган энг қашшоқ ҳудуд. Одамлар ўз уйларига қайтиб кела олмайдилар ва улар маҳаллий мактаблар, шифохоналар, масжидлар ва ибодатхоналарда вақтинчалик бошпана топдилар”, дейди у. 

Агар кечикишга йўл қўйсак, Сурияда аллақачон жуда оғир бўлган вазият фалокатга айланади

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги фожиали воқеалардан олдин 15,3 миллион суриялик инсонпарварлик ёрдамига муҳтож эди. Энди бу рақам сезиларли ўсиш йўлида қайта кўриб чиқилади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳудуддаги расмийлари бугун Хавфсизлик Кенгаши томонидан рухсат этилган Туркиядан Сурияга ёрдам етказувчи ягона чегара ўтиш пункти – Баб ал-Ҳава очиқ эканлигини тасдиқлади. 

“Жаҳон озиқ-овқат дастури Туркия ва Суриядаги ҳалокатли зилзиладан жабр кўрган заиф оилаларга ёрдам кўрсатишни бошлади. Келгуси 3-4 ой ичида ярим миллион қурбоннинг шошилинч инсонпарварлик эҳтиёжларини қондириш учун 46 миллион доллар керак бўлади”, дейди БМТ матбуот котиби ўринбосари Фарҳан Ҳақ. 

Зилзила бошланган пайтда Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) матбуот котиби Ольга Борзенкова Туркиянинг энг кўп жабрланган шаҳарларидан бири бўлган Ғозиантепда эди. 

“Силкинишлар эшитилганда мен ҳам Туркиянинг жануби-шарқий юз минглаб аҳолиси сингари қаттиқ ухлаб қолгандим. Зилзила зонасида тўсатдан уйғонган одам нимани ҳис қилишини тасвирлаш мен учун қийин – бу минтақада қайд этилган энг кучлиларидан бири. Бу бутунлай сурреал эди. Замин ва деворлар қалтираб, эгилиб, кўчага югуриб тушаётганимизда, учинчи қаватдан фақат битта орзу – иложи борича тезроқ ҳар қандай бинолардан узоқроққа бориш эди. Бу ҳаётим давомида бошдан кечирган энг даҳшатли ҳолатнинг олтмиш сонияси эди”, дейди у. 

Унинг қайж этишича, зилзилаларга жуда мойил бўлган Туркия йиллар давомида жаҳон даражасидаги жавоб механизмини яратган. 

“Биз улар билан 30 йилдан ортиқ ишлаяпмиз ва улар шунчаки ажойиб ҳамкорлар. Аммо бу кунлар учун ҳам бу жуда қийин. Бу икки баравар оғир – Суриядаги урушдан қочган миллиондан ортиқ одам зилзиладан энг кўп жабр кўрган ҳудудда вақтинчалик ҳимоя мақомига эга”, дейди у. 

Халқаро миграция ташкилоти айни дамда Туркия ҳукумати билан маслаҳатлашиб, ёрдам кўрсатишнинг устувор йўналишларини белгиламоқда. 

“Албатта, вақтинчалик уй-жойга катта эҳтиёж бўлади. Минглаб, балки юз минглаб одамлар бошпанасиз қолди. Ҳозир ҳаво совуқ, одамлар ухлаш учун жой керак бўлади. Уларга иссиқ кийим, сув, овқат, иситиш керак бўлади”, дея қўшимча қилди БМТ вакили.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг