Туркия ва Греция келишиб олиши керак – НАТО

Олам

image

Туркия ва Греция Шарқий Ўрта Ер денгиздаги ҳодисалар ва тўқнашувлар хавфини камайтириш учун НАТОда техник маслаҳатлашувларни бошлашга келишиб олдилар. Бу ҳақда кеча, 3 сентябрь куни НАТО раҳбари Йенс Столтенберг маълум қилди.  

"Юнонистон ва Туркия қимматли иттифоқдошлардир ва НАТО бизнинг умумий хавфсизлигимизга таъсир қиладиган барча масалалар бўйича маслаҳатлашув учун муҳим майдон вазифасинги бажаради", дейди Столтенберг ёзма баёнотида. 

Айни вақтда Греция ва Туркия ўртасидаги кескинлик ортиб бормоқда. Айниқса, Шарқий Ўрта Ер денгизидан туркларнинг газ топиши ва қидирув ишлари давомида Грециянинг денгиз чегараларига кириб бориши 100 йиллик тортишувларни чинакам жанжалга айлантирмоқда. НАТО раҳбари бунга муносабат билдираркан, шундай дейди: 

"Мен кескинликни НАТОнинг бирдамлиги руҳида ҳал қилишга эришиш учун барча манфаатдор иттифоқчилар билан яқин алоқадаман".

Жорий йилнинг 9 июнь куни Греция ва Италия Ион денгизидаги икки мамлакат ўртасида эксклюзив иқтисодий зоналарни делимитация қилиш тўғрисида битим имзоладилар. 6 август куни Греция ва Миср Ташқи ишлар вазирлари Ўрта Ер денгизидаги зоналарни белгилаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Ушбу икки келишув аллақачон Греция Парламенти томонидан тасдиқланган. Шунингдек, Афина келажакда Кипр, Ливия ва иложи бўлса, Туркия билан ҳам шу каби шартномаларни тузишни режалаштирмоқда. 26 август куни Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис Парламентда "зудлик билан қонун лойиҳасининг киритилиши билан Греция Ион денгизида ўз ҳудудий сувларини ғарбга қараб 6 дан 12 денгиз милигача кенгайтиради", деб эълон қилди. Мицотакиснинг сўзларига кўра, бу Юнонистоннинг Иониан оролларидан Пелопоннесдаги Тенарон бурнига қадар бўлган ҳудудга тегишли. Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас аллақачон Италия ва Албаниядаги ҳамкасбларига Грециянинг қарори тўғрисида хабар берган. 

Туркия вице-президенти Фуат Октай 29 август куни Греция Эгей денгизидаги ҳудудий сувларини 12 денгиз милигача кенгайтирса, уруш билан таҳдид қилди. Анқара, шунингдек, Юнонистон-Миср келишувини тан олмаслигини ва сейсмик тадқиқотлар олиб борадиган ҳарбий кемалар гуруҳи билан бирга “Оруч Реис” тадқиқот кемасини Кастелоризодан Юнонистоннинг оффшор рафидан жўнатганини айтди. Ўз навбатида, Греция ўз қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди ва ўз суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Йенс Столтенберг Туркия-Греция Шарқий Ўрта Ер денгизи

Баҳолаганлар

33

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг