Туркия ва Эрон раҳбарлари АҚШда учрашди
Олам
−
25 Сентябрь
392223 сентябрь куни Нью-Йоркда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессияси доирасида Эроннинг янги сайланган Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашди. Раҳбарлар икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ўзгаришларни муҳокама қилди. Бу ҳақда “Daily Sabah” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, учрашув ёпиқ тарзда Турк уйида бўлиб ўтган. Унда икки давлат етакчилари Пезешкиён Эрон Президенти этиб сайлангандан буён илк бор юзма-юз мулоқот қилган.
Қайд этилишича, учрашувда Эрдўған Пезешкиёнга Исроилнинг минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган тажовузига қарши тинчликка хизмат қиладиган қадамлар ташлаш муҳимлигини айтган. Шунингдек, у Исроилнинг Фаластин ва Ливан ҳудудларида амалга ошираётган зўравонликларга имкон қадар тезроқ чек қўйиш учун халқаро ҳамжамият халқаро ҳуқуқ, дипломатия ва инсон ҳуқуқлари асосида “овозини баландроқ кўтариши” зарурлиги таъкидланган.
“Туркия Фаластин ҳудудларида, хусусан Исроил қирғинлари содир бўлаётган Ғазода тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами етказиш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда”, деди Туркия раҳбари.
Бундан ташқари, Эрдўған Туркия ва Эрон ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларга тўхталиб ўтган ҳамда икки томонлама алоқаларнинг ҳар соҳада ривожланиши ва мустаҳкамланишига ишончини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТнинг ҳаракатсиз ва ишламайдиган ташкилотга айлангани ва ислоҳотга муҳтожлигини айтган эди.
LiveБарчаси