Туркия Ўзбекистондаги тарихий масжидни реставрация қилиб бермоқчи

Жамият 7465
image

Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) Бухородаги Арк қўрғони ҳудудида жойлашган қадимий Жомий масжидини таъмирлаш учун қарийб 5 миллиард сўм (тахминан 450 минг доллар) ажратади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Туркия томони XVIII асрда қурилган ва қадимий Бухоронинг тарихий-меъморий ёдгорликларидан бири бўлган Жомеъ масжидини реставрация қилиш учун 4,5-5 миллиард сўм ажратиши режалашитирилган”, дейилади хабарда.

Мутахассислар томонидан аниқланишича, масжиднинг шифтини тозалаш, балкаларда ёриқларни тузатиш ва зиён етган тўсинни алмаштириш лозим. Шунингдек, шимолий, шарқий ва жанубий тарафда жойлашган айвонларнинг шифтидаги конструкциялар, сарров, васса ва балкаларни чирк босган бўлиб, уларни қўл меҳнати билан тозалаш керак. 

Бундан ташқари, айвонлар ва устунларни тозалаш, ёриқларини тўлдириш ва шимолий фасаддаги иккита устунни янгидан ясаб, ўрнатиш лозим.

Ўтган вақт давомида олиб борилган турли таъмирлаш ишлари натижасида масжиднинг тарихий аҳамиятга молик қисмларига зарар етказилган. Хусусан, масжид ҳамда айвон деворларидаги ганч ўймакорлик ишлари — дахана, рах, занжира, даврипойи, рута, китоба шарефа, равоқли безаклари усти бир неча маротаба “водоэмульсия” қилинган бўлиб, айрим қисмлари “меловая побелка” билан бўялган. Натижада безаклар усти ёпилиб қолган ва реставрация давомида унинг тарихий аҳамиятини тиклаш зарурати юзага келган.

Режалаштирилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари давомида безаклар қайтадан тозаланиб, ўймакорлик ишлари бажарилиши ва аввалги ҳолатига келтириш керак.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил давомида Ўзбекистондаги 34 та маданий мерос объектида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 75 млрд сўм сарфланиши режалаштирилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 120
Рейтинг: 3
t
×