Туркия Ўзбекистон 20 йил аввал дунёнинг кўзини очганини тан олди
Олам
−
15 Июль 2019
12485“Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги FETO террористик ҳаракатининг бузғунчи, нопок ғояларини англаган ва унга қарши кураш олиб бориб, 90-йиллар охирида мамлакатда FETO`га тегишли мактабларни ёпиб, дунё мамлакатларининг кўзини очган давлат Ўзбекистон бўлган эди”, дейди Туркия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Сурайё Эр.
2016 йил, 15 июль. Туркия Ҳукуматига ва қуролли кучларига кириб олган бир гуруҳ кимсалар мамлакатнинг конституцион тузуми ва демократик йўл билан сайланган Президентига қарши исён кўтариб, давлат тўнтаришига уринишни амалга оширган эдилар.
Айни дақиқаларда ушбу давлат тўнтариши устидан халқ иродаси билан қозонилган ғалабага уч йил тўлиши муносабати билан пойтахт Тошкентда “Туркияда 15 июль – хоинона давлат тўнтаришига уриниш бартараф этилганининг уч йиллиги” номли конференция бўлиб ўтмоқда. Унда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сурайё Эр, Туркия Республикаси Президентининг Бош маслаҳатчиси Ялчин Тўпчу, Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси раҳбари ўринбосари, профессор Турсунали Қўзиев, Туркия Республикаси Президенти Девони Хавфсизлик ва ташқи сиёсат кенгаши аъзоси Меҳмет Акиф Киречжи, Хавфсизлик ишлари бошлиғи Эртўғрул Учар нутқ сўзламоқда.
Элчи Сурайё Эр ўз нутқида 2016 йил 15 июлда рўй берган давлатга қарши фитнада Фатҳуллоҳ Гуленни айбларкан, унга тегишли мактаб, коллдеж ва университетлар дунёнинг 160 мамлакатида фаолият юритиб келаётганини, бюўлиб ўтган воқеалардан кейин Туркия барча мамлакатларга огоҳлантириш билан чиққани, шундан сўнг кўпчилик мамлакатларда Гулен мактаблари ўз фаолиятини тўхтатганини қайд этди. У ўз сўзида, бу огоҳлантириш билан биринчи бўлиб Ўзбекистон дунёга юзланганини, ўша вақтларда ҳатто Туркия ҳам буни пайқамаганини тан олди. Орадан 17 йил ўтиб, Туркия ўз заминида илдиз отган ва томирлари Ҳукуматгача етиб борган улкан фитна қурбонига айланди. Мамлакат террор босқини остида қолди.
378 бола етим қолган мудҳиш тун
Ҳаммаси соат 20:00дан кейин бошланганди. Мамлакат пойтахти Анқаранинг сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли энг гавжум бўлган нуқтаси – Қизилой майдонида одамлар ўққа тутилди. Парламент биноси бомбаланди. Истанбулдаги Бўғоз кўприги ёпиб қўйилди, мамлакатда ҳарбий кучлар томонидан “Сулҳ операцияси” бошлангани эълон қилинди.
Бу воқеалар бошланган вақтда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Мармарисда дам олаётган эди. У тунаб қолган меҳмонхонага ҳам ҳужум уюштирилди. Тасодифки, Эрдўған ҳужум рўй берган вақтда меҳмонхонани тарк этганди.
Бу орада мамлакатнинг расмий телеканалларидан бири TRT бош офисига ҳужум қилинди. Жонли эфирда давлат тўнтариши амалга оширилгани, ҳокимият Туркия қуролли кучлари қўлига ўтгани эълон қилинди. Орадан кўп ўтмай Ражаб Тойиб Эрдўған Skype орқали CNN TURK телеканалида чиқиш қилди ва турк халқини бирлашишга, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолишга, кўчаларга чиқиб, демократик ҳокимиятни ағдармоқчи бўлган хоинларга қарши туришга чақирди. Оломон кўчаларга ёйилди. Нафақат эркаклар, аёллар, ёш қизлар, болалар ҳам қўлида байроқ билан кўчаларга чиқди. Ўзига қарата ўқталинган қуроллар, танкларни хоинлар қўлидан олишга уринди ва бунинг уддасидан чиқди. Қуролли тўқнашувлар 251 киши қурбон бўлди, 2740 киши жароҳатланди. 378 бола отасиз ва онасиз қолди.
Ушбу давлат тўнтаришига ҳаракат айни дамда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги FETO террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди.
Бўлиб ўтган воқеалар Туркия ҳукумати учун катта дарс бўлди. Мамлакат хориждаги элчихоналари орқали Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати ҳақида баёнотлар берди, қўшнилари, дўстларини, дунёни огоҳликка чақирди, Гуленга тегишли хусусий мактаблар, университетларни ёпиш юзасидан таклиф киритди ва буни ўзи бошлаб берди. Юзлаб мактаблар ёпилди, ўқитувчилар лавозимлардан озод этилди, айримлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Қурбон бўлганлар хотирасига ҳурмат ўлароқ Истанбулдаги кўприк улар номи билан аталди. Ёдгорлик мажмуаси ўрнатилди, 251 нафар ҳалок бўлганлар номлари абадиятга муҳрланди. Бугун мамлакатда ушбу кун муносабати билан хотира тадбирлари ўтказилмоқда. 15 июль хотира музейи ва хотира боғи очилди. Ўша куни портлатилган Анқара хавфсизлик бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилмоқда.