Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқишда давом этмоқчи

Олам

image

Айни дамда Швеция НАТОга аъзо бўлиш бўйича Туркия билан тузилган меморандум шартларини етарли даражада бажараётгани йўқ. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бугун, 16 февраль куни Анқарада НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

Бугун, 16 февраль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бир қатор масалалар, жумладан Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилиш ҳамда 6 февралда Туркияда содир бўлган зилзила муносабати билан Туркияга ҳамдардлик билдириш мақсадида Туркияга келди. 

Чавушўғли Швециянинг НАТОга аъзоли масаласига тўхталаркан, шундай деди: 

“Бугунги музокараларимиз давомида Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши масаласини ҳам муҳокама қилдик. Биз бу давлатлар Мадридда имзоланган меморандум бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларини бажаришларини кутаётганимизни яна бир бор таъкидладик. Улар провокацияларни тўхтатиш зарурлиги ҳақида гапирдилар. Мен бошқа нарсалар қаторида Швеция ва бошқа мамлакатларда Қуръонга қарши провокацияларни назарда тутяпман”.  

Вазир сўзида давом этаркан, Швеция меморандум мажбуриятларини бажармай келаётганини урғулади. 

“Швеция бизнинг меморандумимиз бўйича ўз мажбуриятларини етарли даражада бажарди дейиш нотўғри бўлади. Ҳа, улар [хавфсизлик соҳасидаги] қонунларни ўзгартирдилар, аммо шунга қарамай, террорчилар, Курдистон ишчилар пратияси у ердаги фаолиятини давом эттирмоқда. Биз Швеция ва Финляндия томонидан баъзи ижобий қадамларни тан оламиз ва кўрмоқдамиз, улар ҳақиқатан ҳам ташланган. Лекин мажбуриятлар ҳали тўлиқ бажарилмаган”, дейди Чавушўғли. 

Туркия вазирининг таъкидлашича, Анқара НАТОнинг бошқа иттифоқчилари билан Швеция ва Финляндиянинг альянсга қўшилиш аризаларини алоҳида кўриб чиқиш вариантини муҳокама қилган.  

“Туркия иттифоқни мустаҳкамлаш тарафдори ва ҳар доим НАТОга имкон қадар ёрдам беради. Биз иттифоқчилар билан бу масалани алоҳида кўриб чиқишда муҳокама қилдик. Ҳа, бу икки давлат ҳам НАТОга аъзо бўлиш жараёнини биргаликда олиб боришга қарор қилишди. Аввал айтганимиздек, Финляндияга нисбатан алоҳида шикоятларимиз йўқ, аммо Швеция билан мажбуриятларни бажариш борасида жиддий муаммолар мавжуд”, дейди у.  

Чавушўғлининг қўшимча қилишича, Туркия Финляндия аризасини Швециядан алоҳида кўриб чиқиши мумкин, аммо бу вазиятда ҳам Анқара олдидаги барча мажбуриятларни бажариш устувор бўлиб қолади. 

2022 йил 18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Ўтган йилнинг 28-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтадиган саммитида Стокгольм ва Хельсинки иттифоққа қўшилиш таклифини олиши кутилган эди, бироқ Туркия ветоси бу жараёнга тўсқинлик қилди. Анқара бу икки давлатнинг терроризмга оид қонунларини ўзгартиришни, PKK ва PYD ташкилотларини террорчи деб тан олишни, шунингдек, Финляндия ва Швеция томонидан Туркияга қурол-яроғ етказиб беришга қўйилган тақиқни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Венгрия ҳали Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши учун зарур бўлган ҳужжатларни ратификация қилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг