Туркия президентлигига даъвогарлар овоз берди
Олам
−
14 Май 2023
9405Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг президентлик сайловларидаги асосий рақиби Камол Қиличдорўғли сайлов участкаларида овоз берди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Эрдўған Истанбулнинг Ускудар туманидаги мактабда очилган сайлов участкасида овоз берганидан сўнг, Ички ишлар вазиридан олинган маълумотларга кўра, сайловлар муаммо ва кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтаётганини айтган.
“Овозларни санаб чиқиш тугаллангандан кейин яхши келажакка умид қиламан. Турк демократиясининг кучини кўрсатиш учун барча сайловчиларимизни соат 17:00 га қадар шубҳасиз овоз беришда иштирок этишга чақираман, деган Туркия раҳбари.
Қиличдорўғли эса Туркия пойтахтининг Чукурамбар туманидаги Аржантин бошланғич мактабидаги сайлов участкасида овоз берган. Атрофдагилар уни қарсаклар билан кутиб олишган. Қиличдорўғли овоз бергач, журналистларга Туркия демократияни соғингани ва тез орада мамлакатга демократия қайтишини айтган.
“Биз ҳаммамиз демократияни, у биз билан бирга бўлишини соғиндик. Кўрасиз, тез орада бу мамлакатга баҳор келади”, деган Қиличдорўғли
Туркия раҳбарлиги учун учинчи номзод Синан Ўған эса Анқарадаги Кўчатепе Мимар Камол Анадолу ўрта мактабидаги сайлов участкасида ўз овозини берган
Маълумот учун, Туркиядаги президентлик сайловларида уч номзод – амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған, мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли ва “Аждодлар” сиёсий альянси номзоди Синан Ўған иштирок этмоқда. Олий давлат лавозими учун асосий кураш Эрдўған ва Қиличдарўғли ўртасида кечиши кутилмоқда. Ғалаба қозониш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиш керак, маҳаллий сиёсатшунослар Туркияда президентлик сайловлари икки турда ўтказилишини истисно этмайди. Бунда иккинчи тур 28 май куни бўлиб ўтади. Кўпчилик овозини тўплаган номзод эса ғолиб деб эълон қилинади.