Туркия президенти сайлови Ўзбекистонда қачон ўтказилиши айтилди
Олам
−
18 Май 2023
5438Туркия президенти сайловида иккинчи тур учун овоз бериш Ўзбекистонда жорий йилнинг 20-21 май кунлари амалга оширилади. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршучу QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда бўлиб турган Туркия фуқаролари 20-21 май кунлари соат 08:00 дан 22:00 гача Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ёки Самарқанддаги Бош консуллигига бориб, овоз бериш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14 май куни Туркияда президент ва парламент сайлови бўлиб ўтди. Турк халқи мамлакатнинг 13-президенти ва 28-парламент вакилларини сайлаш учун участкаларга борди. Президент сайлови натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған 49,52 %, Муҳаррам Инже 0,43 %, Эрдўғаннинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғли 44,88 %, Синан Оған 5,17 % овоз тўплади. Туркиядаги қонунчиликка кўра, сайловда 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод ғалаба қозонади. Сайловнинг биринчи турида эса ҳеч бир номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўпламагани сабаб Олий сайлов комиссияси сайловнинг иккинчи тури ўтказилишини эълон қилди ва у жорий йилнинг 28 майига белгиланди. Иккинчи турда эса фақат энг юқори овоз олган номзодлар Ражаб Тойиб Эрдўған ва Камол Қиличдорўғли иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн қироллиги, Хитой Халқ Республикаси, Эстония, Италия, Япония, Уммон султонлиги, Испания, Сингапур, Ирландия, Исроил, Янги Зеландия, Швеция, Швейцарияда яшаётган туркияликларнинг кўп қисми Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлаган бўлса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжонда Эрдўғаннинг қўли баланд келди.