Туркия МБнинг янги раҳбари қатъий молиявий сиёсат олиб боришга ваъда берди
Олам
−
05 Февраль
3989Туркия Марказий банкининг янги раҳбари Фотиҳ Қорахон ўзидан аввалги Ҳафизе Гайе Эркан томонидан олиб борилаётган қатъий регулятор пул-кредит сиёсатини сақлаб қолишга ишонтирди. Бу ҳақда “Dünya” газетаси хабар берди.
“Банкимизнинг асосий мақсади ва устувор йўналиши молиявий барқарорликни таъминлашдан иборат. Бу йўналишда биз кучли ва қатъиятли жамоамиз ёрдамида инфляцияни пасайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. Биз инфляция мақсадимизга мос келадиган даражага тушмагунча пул-кредит сиёсатининг зарурий қатъийлигини сақлаб қолиш ниятидамиз”, дейди Қорахон.
Нашрнинг қайд этишича, маҳаллий ва хорижий иқтисодчилар яқин келажакда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятининг ўтган йилнинг июнь ойидан бери олиб бораётган иқтисодий сиёсати қайта кўриб чиқилишини кутмайди.
Маълумот учун, Туркия Марказий банкининг аввалги раҳбари даврида инфляцияни жиловлаш ва мамлакат иқтисодиётини барқарорлаштириш мақсадида дисконт банк ставкаси 2023 йил июнидаги 8,5 фоиздан жорий йилнинг январ ойида 45 фоизга оширилган эди. 2023 йил сентябрида Туркия ҳукумати уч йил давомида инфляцияни 65 фоиздан 8,5 фоизгача пасайтиришни назарда тутувчи ўрта муддатли иқтисодий дастурни тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Туркия Марказий банкининг собиқ раҳбари Ҳафизе Гайе Эркан истеъфога чиққанди. 3 февраль куни унинг ўрнига Марказий банк раҳбари ўринбосари Қорахан тайинланди. У АҚШнинг Пенсилвания университетида иқтисод бўйича магистр ва докторлик даражасини олган ва Нью-Йорк Федерал захира банкида ишлаган. Қорахон 2023 йилнинг июль ойида Эрканнинг таклифига биноан Туркия Марказий банкига келган.