Туркия ҳарбий базаси учун Ливия портини қарийб 100 йилга ижарага олди

Олам

image

Туркия Ливия шимоли-ғарбидаги Ҳомс портини 99 йилга ижарага олди ва у ерда ўз ҳарбий базасини жойлаштиради. Бу ҳақда манбаларга таяниб, TGRT телеканали хабар берди.

Бундай ҳаракат Туркиянинг Шарқий Ўртаер денгизидаги суверенитетини мустаҳкамлаши, Туркия ҳудудий сувлари устидан назоратни кучайтириши ва савдо кемаларининг хавфсизлигини таъминлаши айтилмоқда.

Мавжуд маълумотларга кўра, Туркиянинг жанговар самолётлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ушбу минтақада яратиладиган ҳарбий базага жойлаштирилиши режалаштирилган.

Айтиш жоизки, Туркия ҳукумати 2019 йилнинг ноябрь ойида Ливия Миллий бирлик ҳукумати (МБҲ) билан икки давлат ўртасида денгиз зоналарини делимитация қилиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаган. Ўтган йилнинг 3 октябрида МБҲ Туркия билан нефть ва газ соҳасида иккита янги англашув меморандумини тузган. Ҳужжатлардан бирида биргаликда геологик қидирув ишлари олиб бориш ҳам назарда тутилган. 

Бироқ Ливиядаги бошқа бир ҳукумат тузган Вакиллар палатаси (парламенти) раҳбари Акила Солиҳ ўша куни имзоланган ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб атаган ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга МБҲ ва Анқара ўртасидаги ушбу англашув меморандумларини тан олмасликни сўраб хабар юборган. Шунингдек, Миср ва Греция ушбу келишувларга қарши чиққан.

Маълумот учун, ҳозирда Ливияда амалда иккита ҳукумат мавжуд: мамлакат шарқида парламент томонидан қўллаб-қувватланадиган Фатҳи Башага бошчилигида ва бош қароргоҳи Триполида жойлашган МБҲ. БМТ томонидан Женева келишувларидан кейин белгиланган ўтиш даври 2022 йилнинг 22 июнида тугаган. Аслида муддат охирига қадар Ливияда сайланган президент ва парламент пайдо бўлиши керак эди. Бироқ 2021 йил декабрига белгиланган сайловлар бекор қилинган ва уларнинг ўтказиладиган санаси ҳали ҳам аниқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ливия ҳарбий база Ҳомс порти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг