Туркия Истанбул конвенциясидан чиқди. Мамлакатда зўравонликка қарши янги ҳаракат старт олди

Олам 3757
image

Туркия 1 июлдан эътиборан Истанбул конвенциясидан чиқди. Шу муносабат билан Президент Ражаб Тойиб Эрдўған аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича янги миллий ҳаракат режасини эълон қилди.

Давлат раҳбари ҳаракат режасини эълон қилар экан, Туркиянинг Истанбул конвенциясидан чиқиб кетиши ҳақида: "Бизнинг аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашимиз бу конвенция билан бошланмагани каби бу конвенция билан тугамайди", дейди Эрдўған. 

2021-2025 йилларни қамраб оладиган ҳаракатлар режасида 5 та асосий мақсад мавжуд: 

•    зўравонликка қарши қонунчиликни кўриб чиқиш ва самарали амалга ошириш;
•    жамоат ходимларини ўқитиш;
•    қўриқлаш ва профилактика хизматларидан самарали фойдаланиш;
•    ижтимоий онгни ошириш;
•    маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш. 

Президент Эрдўған, "Зўравонлик билан курашиш тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва самарали амалга ошириш", деб белгиланган ҳаракат режасининг биринчи мақсади билан, "жабрланувчининг адолатга эришишини осонлаштириш ва зўравонлик ҳаракатларини мутаносиб равишда жазолашни", мақсад қилганлигини айтди.

Шунингдек, Эрдўғаннинг баёнотида Адлия, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Диний ишлар бошқармаси ўртасида Оила ва ижтимоий хизматлар вазирлиги координациясида институционал ҳамкорликни таъминлаш учун протоколлар имзоланганлиги қайд этилди.

Европа Кенгашининг “Аёлларга нисбатан зўравонлик ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш тўғрисида”ги конвенцияси 2011 йилда қабул қилинган. Бу оилавий зўравонликка қарши кураш бўйича биринчи Европа келишуви бўлганди.

Ушбу ҳужжатни биринчи бўлиб Туркия ратификация қилди, сўнгра яна 33 та мамлакат ҳам бу қаторга қўшилди. Конвенция психологик, жисмоний ва жинсий зўравонлик, мажбурий аборт, никоҳ, стерилизация ҳамда жинсий зўравонликка нисбатан жиноий жавобгарликни назарда тутади.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 56
Рейтинг: 3
t
×