Туркия Исроил озод қилган 15 фаластинликни қабул қилади
Олам
−
04 Февраль
1977Туркия Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувига кўра, қамоқдан чиққанидан кейин Фаластинни тарк этиши шарт бўлган 15 нафар фаластинлик маҳбусни қабул қилади. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Туркия хавфсизлик тузилмаларидаги манбаларга кўра, Исроилнинг 2023 йил 7 октябрдан 2025 йил 13 январига қадар Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 50 мингга яқин одам ҳалок бўлган, 100 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Узоқ йиллардан бери Исроил қамоқхоналарида сақланаётган минглаб фаластинликлардан ташқари, Ғазодан 15 минг киши ҳам турли сабаблар билан қўлга олинган.
Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувда Исроил асирларни озод қилиш эвазига маълум миқдордаги маҳбус ва маҳкумларни озод қилади, деган банд бор эди. Унга кўра, Исроил томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаластинликларнинг бир қисми озод этилганидан кейин қайтиш ҳуқуқисиз Фаластиндан чиқариб юборилиши керак.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг буйруғига кўра, Туркия ва бошқа бир қанча давлатлар қамоқдан чиққанидан сўнг ватанидан узоқда яшашга мажбур бўлган фаластинликларнинг бир қисмини қабул қилади.
Билдирилишича, Туркия Миллий Разведка Ташкилоти (MIT) биринчи босқичда Фаластиндан чиқариб юбориладиган 15 нафар фаластинликнинг Миср орқали Туркияга етиб боришини таъминлаш учун чоралар кўрмоқда. Фаластинликларнинг Туркияда тинч ва хавфсиз ҳаёт ўрнатиши учун зарур чоралар кўрилмоқда.
Хавфсизлик манбалари Эрдўғаннинг тинчлик ва инсоний масъулият нуқтаи назари доирасида Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш миссиясининг давом этишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 16 январь куни Исроил, ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Келишув 19 январь куни кечқурун кучга кирди ва ҲАМАС уч нафар шахсдан иборат биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. 25 январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди. 1 февраль куни ҲАМАС гаровдаги 3 нафар исроилликни, Исроил эса 83 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди.
LiveБарчаси