Туркия Финляндия ва Швецияни лақиллатяптими? НАТО эшиклари қачон очилади?

Олам 3412
image

Финляндия ва Швеция НАТОга кириш учун Туркиянинг барча шартларини ҳали бажармаган. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Биз баъзи ижобий қадамларни, хусусан, қурол эмбаргосининг бекор қилинишини ва қонунчиликдаги ўзгаришларни кўрмоқдамиз. Лекин бу барча шартларнинг бажарилиши эмас”, дея Чавушўғлининг сўзларидан иқтибос келтиради “Haberturk” газетаси. 

Туркия Ташқи ишлар вазири Швеция ва Финляндия 28 июнь куни имзоланган хавфсизлик меморандумининг барча талабларини бажариши зарурлигини, бунда турк томонининг хавотирлари инобатга олинганини таъкидлади. 

У музокараларнинг ижобий натижасига умид билдирди ва НАТО номзодларига барқарор қадамлар зарурлигини эслатди. 

Аввалроқ НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Швеция ва Финляндияни Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш жараёни якунланиши кераклиги, чунки бу икки давлат Туркия томонидан илгари қўйилган ва НАТОга қабул қилиш учун зарур бўлган шартларни бажариб бўлганини айтди. Шунингдек, у 4 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан бу масалани муҳокама қилиш ниятини билдирди. 

Ўша куни “Bloomberg” манбалари Туркия ҳукумати Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини йил охиригача ёки ҳатто июнь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига қадар ратификация қилмаслигини маълум қилди. Агентлик манбаларига кўра, Швеция расмийлари Анқаранинг талабларини қондириш учун етарлича ҳаракат қилмаган. 

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3
Теглар
t
×