Туркия бўйлаб тинтув: 67 террорчи қўлга олинди

Олам

image

Туркия хавфсизлик кучлари бутун республика бўйлаб “Қаҳрамонлар” шифрланган кенг кўламли аксилтеррор операциясини ўтказмоқда. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоя Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди. 

“Туркия бўйлаб соат 08:30 ҳолатига кўра 13 минг 440 нафар хавфсизлик ходими иштирок этган 466 террорга қарши операция ўтказилиб, “Қаҳрамонлар” операцияси доирасида Мерсин, Ван, Шонлиурфа, Мардин ва Ойдин шаҳарларида террор ташкилотининг 12 нафар аъзоси қўлга олинди. Диёрбакир, Ғозиантеп, Истанбул, Бурса, Батман, Денгизли, Адана, Қайсари, Анталия, Коня, Испарта ва Кожаэлида уюштирилган амалиётларда камида 55 нафар террорист қўлга олинди”, деб ёзди Туркия Ички ишлар вазири. 

Айни вақтда, маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, сўнгги 24 соат ичида республикада тақиқланган Курдистон Ишчилар партиясига (КИП) алоқадорликда гумон қилинган 110 дан ортиқ гумонланувчи аллақачон ҳибсга олинган. 

Операциялар Анқарадаги Туркия Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида содир этилган терактдан сўнг амалга оширилмоқда, бунинг учун жавобгарликни КИП ўз зиммасига олди. 1 октябрь куни икки террорчи бино дарвозаси олдига борган, улардан бири хавфсизлик пунктида портловчи моддани ишга туширган. Отишма юз берган, оқибатда иккинчи террорчи зарарсизлантирилган. Икки полициячи енгил жароҳат олган. Ички ишлар вазирлиги ҳужумчилардан бирининг КИП аъзоси эканлигини аниқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг