Туркия биронта ҳам афғон қочқинини қабул қила олмаслиги айтилди

Олам

image

Туркия Афғонистондан биронта ҳам қочқинни қабул қиладиган ҳолатда эмас. Бу ҳақда мамлакатдаги ҳукумрон Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Омар Челик маълум қилди.

“Туркия қочқинлар учун лагер эмас. Бизда (Афғонистондан) биронта ҳам қочқинни қабул қилиш имконияти ҳам йўқ. Ўзимиз қарор берамиз. Чегараларимизни диққат билан қўриқлаяпмиз”, деган Челик.

Унинг сўзларига кўра, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Афғонистон муаммосига кенг кўламли ечим топиш тарафдори.

“У интенсив халқаро дипломатия юритяпти. Афғонистондаги вазиятни (Россия Президенти Владимир) Путин, (Германия канцлери Ангела) Меркель билан муҳокама қилди. Биз “Толибон” назоратига ўтган Афғонистонда инсон ҳуқуқлари масаласини диққат билан кузатяпмиз. Афғон халқини ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ҳозир у ерда ҳақиқий драма содир бўляпти”, деган ҳукмрон партия вакили.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Туркия Толибон

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг