Туркия айтганида собит: Расмий Анқара Россия аннексиясига муносабат билдирди

Олам 8613
image
-

Расмий Анқара Россия Украинанинг тўрт вилоятини аннексия қилганини тан олмайди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилди.

“Туркия 2014 йилда ўтказилган ноқонуний референдумда Россиянинг Қримни аннексия қилганини тан олмаган ва ҳар сафар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, мустақиллиги ва суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

2014 йилда қабул қилинган ушбу позицияга мувофиқ, биз Россия Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларини аннексия қилиш ҳақидаги қарорини рад этамиз”, дейилади ТИВ баёнотида.

Туркия томонига кўра, халқаро ҳуқуқнинг белгиланган тамойилларини қўпол равишда бузадиган бу қарор қабул қилиниши мумкин эмас.

“Биз яна бир бор кучайиб бораётган бу урушнинг адолатли ва музокаралар йўли билан тинчлик асосида ҳал этилиши тарафдоримиз”, дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.

Путиннинг бу қарорини НАТО, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Исроил, Жанубий Корея, Молдова ва бошқа давлатлар қоралаб чиқди. АҚШ, Канада ва Британия эса Россияга қарши янги санкциялар жорий қилишга ҳам улгурди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 142
Рейтинг: 3
t
×