Туркий давлатлар ташкилотининг географик кенгаши тузилди
Олам
−
10 Май 2023
5863Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ва Венгрия географик жамиятлари Туркий давлатлар географик кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Келтирилишича, ташкилот штаб-квартираси Тошкентда бўлади ва Ойбек Норинбоев уч йил муддатга кенгаш бош котиби этиб сайланган.
Қайд этилишича, географик кенгашнинг асосий вазифаси туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни қуйидаги йўналишларда мустаҳкамлашдан иборат:
- инновациялар соҳалари;
- экология;
- туризм;
- маданий-гуманитар соҳалар.
“Кенгашнинг асосий мақсади география, ўлкашунослик ва турдош фанлар йўналишида қўшма тадбирлар ўтказиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги илм-фан ютуқларини кенг тарғиб қилиш, табиатни муҳофаза қилиш муаммоларини аниқлаш ва уларда фаол иштирок этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат”, дейди Ойбек Норинбоев.
“QazaqGeography” республика жамоат бирлашмаси бошқаруви раиси Орман Нурбаевнинг айтишича, кенгаш Қозоғистон томонининг ўтган йили илгари сурилган ташаббуси билан тузилган.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда иқлим, сув ресурслари, экотуризм ва углерод нейтраллиги (ишлаб чиқариш фаолияти жараёнида карбонат ангидрид ва унинг аналоглари чиқиндиларини камайтириш) масалаларида конструктив ечимларни ишлаб чиқиш масаласи пишиб етилган.
Маълумот учун, 2009 йил октябрь ойида Туркий давлатлар ташкилоти тузилди. Илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) деб номланган. 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Туркий кенгашнинг номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди. 2018 йил 30 апрелда Ўзбекистон Туркий кенгашга расман аъзо бўлган.