Турк лираси яна қадрсизланди
Олам
−
05 Июнь 2023
5500Туркияда янги Молия вазири тайинланишига қарамай лира 1 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Турк лирасининг курси бугун, 5 июнь ҳолатига кўра, 1,15 фоизга пасайиб, бир доллар учун 21,17 лирани ташкил қилган. Бу бир доллар учун 21,8 лирага тенг бўлган ўтган ҳафтадаги рекорд даражага яқин.
Лира янги Молия вазири тайинланишига қарамай, пасайишда давом этмоқда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 3 июнь куни Меҳмет Шимшекни Ғазначилик ва молия вазирлигига раҳбар этиб тайинлаган. Илгари у Merrill Lynch компаниясининг Лондон бўлимида ишлаган, сўнгра Молия вазири, кейин эса Туркия Бош вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2018 йилда Эрдўған куёви Берат Албайракни Молия вазирлиги раҳбари этиб тайинлаганидан сўнг у ҳукуматни тарк этган.
“Financial Times” таҳлилчилари Шимшекнинг тайинланиши Эрдўған мамлакатнинг иқтисодий сиёсатини ўзгартиришга тайёр эканини кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблайди. Янги вазир анъанавий пул-кредит сиёсатига қайтишни, жумладан, асосий ставкани оширишни ёқлайди. “Bloomberg” манбаларига кўра эса, Шимшек Эрдўған билан қайта сайланганидан сўнг ўтказган учрашувида унинг қайтиш шарти сифатида автоном пул-кредит сиёсати олиб бориш имкониятини илгари сурган. Шимшекнинг ўзи кеча, 4 июнь куни Туркия иқтисодиётининг оқилона асосга қайтишдан бошқа чораси йўқлигини айтган.
“Ошкоралик, изчиллик, прогноз қилиш ва халқаро меъёрларга риоя қилиш бизнинг асосий тамойилларимиз бўлади”, деб ваъда берган янги тайинланган вазир.
Таъкидлаш жоизки, аввалги пул-кредит сиёсати ва давлатнинг иқтисодга аралашуви истеъмол нархларининг ўсишига, лира курсининг рекорд даражага тушишига ва капиталнинг Туркиядан қочиб кетишига олиб келган. 2013 йилдан бери турк акциялари ва облигацияларидаги жами хорижий холдинглар қарийб 85 фоизга ёки деярли 130 миллиард долларга камайган. Туркия Марказий банки сўнгги 1,5 йил ичида лирани қўллаб-қувватлаш учун қарийб 200 миллиард доллар сарфлаган, соф валюта захиралари манфийга чиққан, 2022 йилда инфляция 80 фоиздан ошган. 2023 йил апрель ойида, президентлик сайловлари олдидан у 44% даражасида бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь