Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидасини бузганлик учун жарималар камайтирилиши мумкин

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолати учун белгиланган жарима миқдорларини қамайтириш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар берди.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) уч баравари яъни 668 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Айни ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ҳайдовчига БҲМнинг беш баравари (1млн 113 минг сўм) миқдорида, учинчи марта содир этилиши эса БҲМнинг ўн баравари (2 млн 225 минг сўм) миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Таъкидланишича, Россияда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш  ҳайдовчига 3000 рубл (тахминан 415 минг сўм), Украинада эса 510 украина гривнаси (тахминан 188 минг сўм)га тушади. Қўшни Қозоғистонда тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчи 24 минг танга (тахминан 589 минг сўм) жарима тўласа, Қирғизистонда эса бу қоидани бузган ҳайдовчиларга нисбатан 3000 кирғиз соми (тахминан 369 минг сўм) жарима қўлланилади.

Шунингдек, бу давлатларда (Қозоғистондан ташқари) мазкур ҳуқуқбузарликни такроран содир этиш жарима миқдорини ўзгаришига сабаб бўлмайди.

“Кўриниб турибдики, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳоллари учун белгиланган энг юқори жарима миқдори бизда. Агар бу жарима аҳолининг ўртача даромадлари нуқтаи назаридан солиштирилса, бу фарқ янада ошиши аниқ, дейди депутат.

Шу сабабдан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолати учун белгиланган жарима миқдорларини қамайтириш таклифи илгари сурилмоқда.

Қўмита таклифига кўра, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жаримани БҲМнинг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни такроран содир этилганда жарима миқдорини ошиши ҳам бекор килиниши кутилмоқда. 

Ҳозирда қўмита аъзоси, депутат Фарҳод Ашматов томонидан Ўзбекистон МЖтКнинг 128-6-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

жарима

Баҳолаганлар

230

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг